Суҳбат.

Сабля бўйича Миллий терма жамоанинг асосий таркиби Будапештда

Жорий йилнинг 8 март куни қиличбозлик спорт турининг сабля йуналиши буйича Миллий терма жамоа аъзолари Венгрияга йўл олишди. Ушбу сафардан кўзланган асосий мақсад 2021 йил 8-13 март кунлари Венгрия давлатининг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ўқув машғулот йиғинларини ўтказиш ҳамда 11-14 март кунлари Жаҳон Кубоги мусобақасида қиличбоз-спортчиларимизнинг муносиб иштироки таъминлашга қаратилган.

Мазкур сафар тафсилотлари ҳақида терма жамоа вакиллари билан биргаликда Будапештга  кузатиб борган Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси халқаро алоқалар бўйича мутахассиси Эркин Файзиев билан телефон орқали суҳбатлашдик.

- Будапештдаги халқаро ўқув машғулот йиғинлари ҳамда сабля бўйича Олимпиадага йўлланма тақдим этувчи Жаҳон Кубогида қатнашувчи Ўзбекистон қиличбозлик Миллий терма жамоа таркибига кимлар киритилган?

- Жорий йил 8 март куни Қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси катта мураббийи Владимир Назлимов бошчилигида спортчиларимиз ­- Ш. Мамутов,  П. Генжебаев,  Ж. Душамбоев,  З. Дайибекова,  С. Исмоиловалар Тошкентдан Венгриянинг Будапешт шаҳрига етиб келишди. Ўз навбатида шу куни барча спортчиларимиз меҳмонхона ҳузурида ташкил этилган Сovid-19 га тест топширишиб, 12 соат давомида хоналаридан чиқишмади. Сўнгра, тест жавоблари чиққанидан кейин машғулотларни бошлаб юборишди. 9 март куни терма жамоамизнинг яна бир вакили Паола Плиего ҳам етиб келди. Олдинда Яна Обвинцева келиши кутилмоқда.

- Будапешт шаҳрида шу йили 11-14 март кунлари Жаҳон Кубоги бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли мусобақага тайёргарлик қандай кечмоқда?

- Мусобақага тайёргаарлик авжида. Олдинда ўзбек саблячиларининг кучли рақиблар билан кураши кутилмоқда; яъни Корея, Япония, Аргентина, Туркия, Алжир, Миср, Қозоғистон ва яна бир қанча давлатлардан спортчилар ташриф буюришган.

- Қиличбозларимизнинг саломатлиги, уларни қўллаб-қувватлаш масалалари хақида тўхталиб ўтсангиз?

- Албатта, спортчиларимизни қўллаб-қувватлаш ва хавфсизлик чоралари кўрилган. Алоҳида бир кишилик хоналар, овқатланиш ҳудудларида гигиенага риоя қилиш, антицептик воситалар билан таъминлаш каби ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Қиличбозлик Федерацияси тиббиёт ходими Сардор Содиқов томонидан барча спортчиларимиз саломатлиги назоратга олиниб, улардан мунтазам хабар олиниб турибти.

Шунингдек, терма жамоамиз аъзолари билан бирга Будапештга ҳамрох бўлиб келган Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова томонидан Жахон Кубоги ўтиши юзасидан ташкилий қўмита билан алоқа воситалари орқали суҳбатлар олиб борилмоқда. Барча ташкилий масалалар юзасидан ўзаро музокаралар олиб борилмоқда.

Мазмунли суҳбат ва батафсил маълумотлар учун рахмат.

Биз ҳам ўз ўрнида ўзбек қиличбозларимизнинг мазкур Жаҳон Кубогида ғалаба қозонишлари учун уларга омад тилаймиз!

Муборак Якубова суҳбатлашди