Ёшларимизни миллий спорт турларига кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб этиш
ЁШ ПОЛВОНЛАРИМИЗ ПРОКУРОР КУБОГИ УЧУН БЕЛЛАШИШДИ
Бир неча минг йиллик тарихга эга ўзбек кураши азалдан мардлик, жасурлик, ватанпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган миллий қадрият бўлиб, бугунги кунда уни янада оммалаштириш ва ривожлантириш, дунёга танитиш ҳамда умумжаҳон дурдонасига айлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, ёшларимизни миллий спорт турларига кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб этиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда келажак авлодни “Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур”, деган ягона шиор остида бирлаштириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан саналади. Ана шу мақсадда Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш, оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сонли Фармони ижросини таъминлаш борасида туманимизда “Спортни сев, спорт билан яша!” эзгу шиори остида бир қатор спорт мусобақалари ташкил этилиб, ҳар бир сектор раҳбарининг соврини учун махсус кубок мусобақалари ташкил этилмоқда.
Куни кеча тумандаги Махсус авария-тиклаш бошқармасида спортнинг миллий кураш тури бўйича “Прокурор кубоги” мусобақаси ўтказилди. Ушбу мусобақада 18 ёшдан юқори бўлган жами 82 нафар ўсмир-ёшлар иштирок этиб, улар 6 та вазн тоифасида беллашиб, ўзаро куч ва матонатларини синовдан ўтказдилар.
Тадбирда Тошкент вилояти Миллий кураш федерацияси, вилоят Адлия бошқармаси, вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари, шунингдек, бир қатор ташкилот ва муассаса вакиллари иштирок этди.
Якуний натижаларга кўра, 6 тадан 1- ва 2-ўринлар ҳамда 12 та 3-ўрин соҳиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Жамоа ҳисобида “Прокурор кубоги” барча шартлар бўйича тенгсиз маҳорат намойиш этган “Барлос” жамоасига насиб этди.
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.
“Истиқбол” газетасининг 2021 йил 26 февраль, 8-сонидан.