14-февраль - шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Бугун 14-февраль адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, “Мубаййин” (“Баён этилган”), “Хатти Бобурий”, “Ҳарб иши”, Аруз ҳақидаги рисолаласи эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келди. Бу даврда Марказий Осиё ва Хуросонда турли ҳокимлар, ака-укалар, тоға-жиянлар, амакиваччалар ўртасида ҳокимият улуғ боболари Амир Темур тузган йирик давлатга эгалик килиш учун кураш ниҳоят кескинлашган эди.

Адабиёт, нафис санъат, табиат гўзаллигига ёшлигидан меҳр қўйган Заҳириддин, барча Темурий шаҳзодалар каби бу илмларнинг асосини отаси саройида етук устозлар раҳбарлигида эгаллади. Бироқ унинг беташвиш ёшлиги узоққа чўзилмади. 1494 йили отадан етим қолди. 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими этиб кўтарилган Бобур қаламни қиличга алмаштириб, Андижон тахти учун укаси Жаҳонгир Мирзо, амакиси Султон Аҳмад Мирзо, тоғаси Султон Маҳмудхон ва бошқа рақибларга қарши курашишга мажбур бўлди. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан муросага келиш учун унга ён беришга Фарғона улусини иккига тақсимлаб, ярмини укасига топширишга қарор қилди ва ўзи Самарқанд учун олиб борилаётган курашга киришиб кетди. Бир неча йил давом этган бу кураш қирғинбаротдан бошқа бирор натижа бермади: унда катта ҳарбий куч билан аралашган Шайбонийхоннинг қўли баланд келди ва Бобур Самарқандни ташлаб кетишга мажбур бўлди.

1504 йили Шайбонийхон Андижонни ҳам қўлга киритгандан сўнг Бобур жанубга қараб йўл олди ва Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатди. 1505–1515 йилларда у Марказий Осиёга қайтишга бир неча бор уриниб кўрди. Аммо бу уринишлардан ҳеч қандай натижа чиқмади. Сўнг ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида, 1519–1525 йиллар давомида Ҳиндистонни қўлга киритиш учун бир неча бор жанглар олиб борди. 1526 йил апрель ойида Панипатда Ҳиндистон Султони Иброҳим Лўди билан ва 1527 йили март ойида Читора ҳокими Рано Санго билан бўлган жангларда Бобурнинг қўли баланд келди. Тарихий маълумотларнинг баён қилишича, Бобурнинг Ҳиндистонга юришида Деҳли ҳукмдори Иброҳим Султон сиёсатидан норози бўлган Панжоб ҳокимлари ҳам Бобурни қўллаганлар ва Сикри жангидаги бу ғалаба Бобурга Ҳиндистонда ўз ҳукмронлигини узил кесил ўрнатиш ва Бобурийлар сулоласини барпо этиш имкониятини берди. Оврўпо тарихчилигида “Буюк мўғуллар” номи билан “ғалати машҳур” бўлган, аслида “Бобурийлар сулоласи” Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди.

Бобур бу ғалабадан кейин узоқ яшамади – 1530 йил декабр ойида Агра шаҳрида вафот этди ва кейинроқ унинг васиятига кўра фарзандлари унинг хокини Кобулга олиб келиб дафн этдилар.

Бироқ қисқа бир вақт ичида Бобур Ҳиндистонда сиёсий муҳитни барқарорлаштириш, Ҳиндистон ерларини бирлаштириш, шаҳарларни ободонлаштириш, савдо-сотиқ масалаларини тўғри йўлга қўйиш, боғ-роғлар яратиш ишларига ҳомийлик қилди.

Бобур ўзбек адабиётида ўзининг нозик лирик асарлари билан ҳам машҳурдир. Мовароуннаҳрни бирлаштиришга уринишлари натижа бермагач, Бобур руҳан қийналган, амалдорларнинг хиёнатлари таъсирида умидсизликка тушган кезлардаги кайфияти шеърларида акс этган. Кейинчалик ўз юртини тарк этиб, Афғонистон ва Ҳиндистонга юз тутганда Бобур шеъриятида Ватан туйғуси, Ватан соғинчи, унга қайтиш умиди мавж ура бошлади.

Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишниким айладим – хатолиғ бўдди,

Ўз ерин қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Шу билан бирга Бобур лирикасида шеъриятнинг асосий мазмуни бўлган инсоний фазилатлар, ёр васли, унинг гўзаллиги, унга чексиз муҳаббат ва ҳижрон азоби, айрилиғ аламлари ва висол қувончлари ниҳоят гўзал ва моҳирона ифода этилган.

 Хазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим,

Кўруб раҳм айлагил, эй лоларух, бу чеҳраи зардим.

Сен эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,

Аёғингга тушуб барги хазондек мунча ёлвордим.

Бобур ўз лирик шеърларида ҳар доим одамларни яхшиликка, адолат, инсонпарварликка, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга чақирди:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур.

Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижгимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллайди. Шу билан бирга, келажак ёш авлод учун Бобур қолдирган бой маданий мерос асрлар оша халқимиз учун хизмат қилади. Бугун ҳар бир ўзбек фарзанди Бобур каби буюк аждодлар авлоди эканидан катта фаҳр ва ғурур ҳиссини туйиши шубҳасиз.

М.Якубова