Халқимизнинг суюкли ёзувчиси Тоғай Мурод “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасида кураш, полвонлик қисматини шундай тасвирлаган. Бу тасвир бизни Бойчибор от бўлиб бепоён тоғ-у далалардан ғолиб олиб ўтади, кўрганимиз бойчечак очилган қирларда кураш тушаётган болалар, қумдан гилам ёйиб олишаётган бўз йигитлар, эл ори учун бел боғлаган полвонлар бўлади. Минг йилларки шундай, кураш — қудратимиз, боримиз, эркимиз тимсолига айланган.
Бугун курашимиз замонавий спорт тури бўлди. Осиё ўйинларидан мустаҳкам жой олди. Дунё полвонлари “ўртага”, “таъзим”, “кураш”, “ҳалол”, “ёнбош”, “чала”, “дакки”, “танбеҳ”, “ғирром”, “бекор”, “тенг”, “тўхта”, “вақт” деган ўзбек сўзларидан улги олиб курашмоқда.
2020 йил 4 ноябрь. Бу сана миллий курашимиз тарихида ёрқин саҳифа очган кун бўлиб қолди. Шу куни Президентимиз “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу, албатта, узоқ кутилган тарихий воқелик бўлди. Ўзбек спортини дунёга танитиш борасида янги давр бошланди.
Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил ЮСУПОВ билан ана шу мавзу ҳақида суҳбатлашдик.
— Бу қарорни нафақат халқимиз, балки миллий курашимизнинг барча ишқибозлари, полвонлари катта хурсандлик билан кутиб олди. Ҳар куни чет эллардаги федерацияларимиз, халқаро спорт ҳамжамиятлари вакиллари бизни табриклаб, илиқ муносабатларини билдирмоқда, — дея суҳбатимизни бошлаб берди К.Юсупов. — Кураш — миллий қадриятимиз. Тарихчиларимизнинг шоҳидлик беришича, у 3,5 минг йиллик тарихга эга.
Биламизки, халқимиз қадимдан тўйларда кураш тушиб, полвонлари билан фахрланган. Дастлаб кўнгилочар ўйин сифатида бошланган кураш кейинчалик мардлик, элнинг ор-номуси сифатида бизгача етиб келди.
Мустақиллик йилларида биз курашни замонавий спорт тури сифатида дунёга танитдик. Асл, ўзгармас қоидаларини ишлаб чиқиб, қудратини, фалсафасини намойиш этдик. Бу миллатимизнинг улкан ғалабаси бўлди. Шу-шу дунё спорт олами бу спортни ўзбеклар, Ўзбекистон номи билан боғлайди. Бугун деярли барча қитъа полвонлари байроғимиздаги ранглар акс этган яктакларда гиламга тушади.
Курашимизнинг Осиё ўйинлари дастурига киритилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита саъй-ҳаракатлари, мамлакатда спортга, хусусан, миллий спорт турларига бўлган эътибори маҳсулидир. Илк бор 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида беллашган полвонлар курашимиз довруғини дунёга танитди. Бу ўйинларни миллионлаб одамлар томоша қилди, ҳакамлар ўзбекча айтган сўзларни эшитди, Ўзбекистон рамзий ранглари жилоланган яктакларга ҳавас қилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бизни янги марралар сари чорлабгина қолмай, кўп йиллик орзуларимиз амалга ошишининг ҳуқуқий асосларини ҳам яратиб берди.
Олдимизга катта мақсад қўйилди. Биз миллий курашимизни кенг тарғиб қилиб, дунёга танитамиз, Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритамиз.
Аслида, спорт турининг Олимпия ўйинлари дастурига кириши жуда катта тарихий воқеа саналади. Миллий спортини ёки бирон спорт турини яратиб, уни дунёга тарғиб қилишга ҳаракат қилаётган, Олимпия ўйинларида кўришни эллик, юз йиллаб кутаётган давлатлар бор.
Ўзбекистон мустақил бўлганига энди ўттиз йил бўлади. Тарихан шу қисқа вақтда курашни Олимпия ўйинларига киритиш ҳаракати бошланганини эшитиб, очиғи кўпчилик ишонмайди, ҳайрон бўлади, ҳайратга тушади. Бармоқ билан санарли мамлакатларгина ўзининг спортини Олимпия ўйинлари дастурига киритиш шарафига муяссар бўлган. Улардан айримларини санаб ўтсак, масалан, Япония дзюдони, Жанубий Корея таэквондони, Англия футболни киритган. Бунинг учун узоқ йиллар керак бўлган.
Албатта, курашни Олимпия ўйинларида кўриш барчамизнинг кўп йиллик орзуимиз. Худди спортчининг асосий мақсади Олимпия ўйинларида қатнашиш бўлгани каби. Ҳозир бир спортчи мақсади ҳақида гапиряпмиз. Энди бир спорт турини энг нуфузли спорт ўйинига бутун бошли халқ, мамлакат номидан мангуга киритиш эса жуда катта тарихий ҳодиса эканини англаш мушкул эмас. Буни давлатлар, халқлар орзу қилади. Мана шу мақсадимизга эришишга Президентимиз қарори билан аниқ йўлланма берилди, тамал тоши қўйилди. Юртимизда жадал янгиланиш даври кечаётган бугунги кунда курашимиз, албатта, Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киради ва янги Ўзбекистон, халқимиз номи ўз спортини Олимпия ўйинларига киритган давлатлар рўйхатида тарихга муҳрланади.
— Ишонч билан гапиришингиз халқимизга, полвонларимизга зўр илҳом бағишлаб, куч беришига шубҳа йўқ. Шарафли йўлда турли тўсиқлар, қийинчиликлар бўлиши ҳам тайин. Шу маънода, келинг баъзи муаммолар ҳақида гаплашсак. Кейинги йилларда мураббийлар тайёрлаш, моддий-техник базани янгилаш, миллий спортимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича оқсоқликлар кузатилаётгандек. Шунингдек, бирон спорт турининг Олимпия ўйинлари дастурига кириши учун қатъий мезонлар, талаблар бўлади. Улардан бири спортдаги гендер тенглик масаласи. Яъни Олимпия ўйинларига даъвогар спорт тури билан эркаклар қатори хотин-қизлар ҳам тенг шуғулланиши керак...
— Олимпия хартиясида спорт турларида гендер тенглик масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро нуфузга даъвогар спорт тури, аввало, оммавий бўлиши, камида 75 мамлакат шу спортни тан олиши керак. Бунда хотин-қизлар ҳам тенг ҳуқуқли шуғулланиши асосий мезондир.
Курашга хотин-қизларни жалб этиш масаласига келсак, муаммолар бўлгани рост. Бу, айниқса, шарқона менталитет ҳукмрон халқларда жуда оғир кечади. Ота-оналар қизларини спортга бергиси келмайди, ийманади, андиша қилади, турли гап-сўзлардан қочади.
Курашда биз ана шу жиҳатларни ҳам эътиборга олганмиз, қоидаларни мослаштирганмиз. Биринчидан, оғритиш, бўғиш ёки ерда ётиб курашиш каби усуллар тақиқланган. Ерга тизза тегдими кураш тўхтатилади. Иккинчидан, яктакларимиз ҳам менталитетимизга хос. Спорт кийимимиз ёпиқ, тананинг деярли бирон жойи очиқ намоён бўлмайди. Демак, кураш аёллар учун жуда мос спорт тури ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, қариялар, болалар учун ҳам қулай ва хавфсиз.
Яна бир гап. Биз миллий курашимиз асосларини, қоидаларини ишлаб чиқишда қизларни, албатта, аёл мураббий шуғуллантиради, деган талабни киритганмиз. Бу ҳам ота-оналар қизларининг кураш билан шуғулланишига қаршилик қилмаслигига йўл очади.
Бугунги кунда ислом мамлакатларида ҳам кураш билан шуғулланаётган хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳатто чемпионлар бор. Яқинда Афғонистонда мусобақа ўтказдик. Ўшанда икки афғон қизи иштирок этиб, чемпион бўлди. Бу мусобақа халқ олдида, телевидение нигоҳида кечди. Шу пайтгача Афғонистонда қиз бола курашга тушганини биз кўрмаганмиз. Бу ҳам миллий спортимиз ютуғи.
Яна бир мисол. Англия спорт тарихини ўргансангиз, Олимпия ўйинлари дастурига кирган баъзи спорт турларини ҳам ўз мамлакати ҳудудида қабул қилмаганини кўрасиз. Лекин кураш уларга энг маъқул спорт тури бўлди. Бугун Англияда ёшлар ҳам, хотин-қизлар ҳам, кексалар ҳам бемалол бизнинг кураш билан шуғулланиши мумкин.
Яширмаймиз, ҳозирча аёл мураббийларимиз етишмай турибди. Президентимиз қарорида ҳам бу масала аниқ кўрсатилган. Энди биз тегишли вазирликлар, ташкилотлар, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қабул квоталарини ошириб, аёл мураббийлар тайёрлашни йўлга қўямиз. Бу тезда самара беришига ишонамиз.
— Гап мураббийлар ҳақида кетганида 2000 йилни эслаймиз. Шу йили Халқаро кураш ассоциацияси Халқаро кураш институтини таъсис этган эди. Шу институт ўз фаолиятини самарали йўлга қўя олмади шекилли.
— Ўшанда олдимизда дунё учун мураббийлар тайёрлаш масаласи турган эди. Шу сабаб Халқаро кураш институтини таъсис этдик. Аммо бу институтнинг моддий-техник базаси тугул, ҳатто биноси ҳам бўлмаган. Кейин Бутунжаҳон кураш фондини туздик. Чунки кадрлар тайёрлаш учун ҳам, мусобақалар ўтказиш учун ҳам моддий таъминот керак эди.
Афсуски, фондимиз халқаро мусобақаларни ўтказиш билан аранг шуғулланди холос. Шу боис, бир ойлик, бир ҳафталик курсларни айтмаганда, бу институт кутилган самара бермади.
Минг шукрки, Президентимиз қарори билан бу институт қайта ташкил қилинадиган бўлди. Унинг моддий-техник базаси асослари ҳам аниқ кўрсатилди. Энди биз дунёга кураш бўйича мураббийлар етиштириб берамиз.
— Курашга қизиқишни болаликдан бошлаш кераклигини яхши биламиз. Бугун боғчалар, мактаблардаги тўгараклар, кураш секциялари фаолияти сизни қониқтирадими? Бизнингча, курашни болалар ўртасида тарғиб қилиш, уларга шароит яратиб бериш учун қандай режалар тузилмоқда, деган савол ўринли.
— Бу борада аҳволимиз ҳақиқатан ҳам қониқарли эмас эди. Йиллар давомида эътиборсизлик туфайли, маблағ етишмаслиги сабаб моддий-техник таъминот ачинарли ҳолатга келиб қолди. Табиийки, бундай шароитда кураш билан шуғулланишнинг имкони йўқ ёки ҳаминқадар.
Қарор билан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Энди барча бўғиндаги таълим муассасаларида кураш билан шуғулланиш учун моддий-техник таъминот янгиланади. Бу борада иш бошланган. Барча мактабларни қамраб олишни мақсад қилганмиз.
Президентимиз нафақат мамлакатимиздаги таълим муассасаларини, балки дунёдаги федерацияларни ҳам гиламлар, яктаклар билан таъминлаш вазифасини қўйди.
Кураш гилами — бу миллий спортимизнинг дунёдаги рамзи ҳам. Шу боис, халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш ва федерацияларга гилам етказиб бериш учун Германия билан келишув олиб боряпмиз. Чунки биз дунёдаги бошқа спорт турларидан кам бўлишимиз керак эмас.
Татамини кўрган киши бу ерда дзюдо билан шуғулланилишини дарҳол билади. Ўзбекистоннинг рамзий ранглари акс этган гиламни кўрганлар ҳам ўзбек миллий курашини кўз олдига келтириши керак. Шу боис, гиламларимиз жуда мукаммал ва сифатли бўлиши сув ва ҳаводек зарур.
— Қарор билан тасдиқланган Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепциясида халқаро “GAISF — Global Association of International Sports Federations” ташкилотига аъзо бўлиш ҳам кўзда тутилган. Адашмасак, аввал ҳам бунга ҳаракат бўлган эди. Энди бу жараён қандай амалга ошади?
— Кураш замонавий спорт тури сифатида халқаро миқёсда тан олингандан кейин 1998 йили Тошкентда Халқаро кураш ассоциацияси таъсис қилинган эди. Ўшандан буён “GAISF — Global Association of International Sports Federations” ташкилотига аъзо бўлиш ҳаракатидамиз. Ҳатто бу ташкилот раҳбарини Ўзбекистонга таклиф қилдик. У келди. 2001 йили Швейцариянинг Цюрих шаҳрида аъзолик учун ҳужжат ҳам топширган эдик. Бир қадам қолган эди. Баъзи сабабларга кўра ўтолмадик.
Лекин бизнинг спортимиз ташкилотнинг барча талабларига жавоб беради ва шунга ҳақли. Ҳозир Ўзбекистонда спортга бўлган муносабат тубдан ўзгарган, муҳит янгиланган, очиқлик руҳида ҳаракат қиляпмиз. Шу маънода, биз мақсадимизга тез орада, албатта, эришамиз.
— Миллий курашимизни оммалаштириш, дунёга танитиш мақсадида бир қатор мамлакатларда халқаро мусобақалар, турнирлар ўтказиб келинаётган эди. Орада шу тадбирлар бирдан тўхтаб қолди. Бунинг сабаби нимада?
— Тўғри, Англияда, Грецияда, Эронда, Бразилияда, Туркияда, Францияда ўтказилаётган халқаро турнирлар ва мусобақалар тўхтаб қолди. Бунга асосий сабаб — моддий таъминот. Сир эмас, хоҳ юртимизда, хоҳ чет элда бўлсин, ҳар бир турнир жуда катта ташкилий иш ва маблағ талаб қилади. Оддий мисол, битта фарзандимизга тўй қилиш учун қанча тайёргарлик кўрамиз. Ўзбек курашининг бошқа бир мамлакатда тўйини ўтказиш ташвишини айтмасак ҳам бўлади. Бунинг учун масъул ташкилот раҳбарияти бир ёқадан бош чиқариб, ҳар бир мусобақа учун қанчалик ҳаракат қилиши керак. Ҳомийлар жалб қилиш, чет эллик раҳбарлар билан дипломатик муносабатларга киришиш осон кечадиган жараён эмас. Шунчаки ўтмаслиги керак бунақа турнирлар. Миллат ва ватан шаъни турибди унинг негизида, ахир.
Президентимиз қарорида бу каби мусобақаларни қайта тиклаб, янада оммавийроқ ўтказиш кўзда тутилган. Худо хоҳласа, чет мамлакатларда, хусусан, Нью-Йорк, Париж, Рим, Токио каби дунё халқлари нигоҳидаги йирик пойтахт шаҳарларда Президент соврини учун халқаро турнирлар ўтказамиз. Бунинг учун таъминот ҳам бўлади. Шу тариқа курашни жаҳон дурдонасига айлантирамиз.
Бу йўлда, аввало, ўзимиз, ҳар биримиз миллий спортимизни билишимиз, севишимиз, ардоқлашимиз керак. Унинг келажаги учун курашишимиз, ўғил-қизларимизга ўргатишимиз зарур, деган масала қўйиляпти қарорда.
Спорт, туризм йўналишларида халқаро миқёсда таниқли оммавий ахборот воситалари билан ҳам тиғиз ҳамкорликни йўлга қўямиз.
— Биз сизни кўп кутилган қарор билан яна бир бор табриклаймиз. Қарор ижроси доирасида федерация олдида, полвонларимиз зиммасида турган ишларни бажаришда муваффақиятлар тилаймиз.
— Раҳмат. “Янги Ўзбекистон” газетасини ўқиб жуда хурсанд бўламан. Ўттиз йилдирки, миллий курашимизни дунёга танитиш борасида ишлаб келяпмиз. Мустақиллик йилларида ҳам курашимизни ривожлантириш учун имкон қадар ҳаракатлар бўлди. Лекин кейинги йиллардагидек эътиборни кўрмаган эдик. Бу саъй-ҳаракатлар, ташаббуслар янги Ўзбекистонимизнинг бугунги ислоҳотларига мос ва монанд кечмоқда. Шунга муносиб бўламиз.
“Янги Ўзбекистон” мухбири Улуғбек АСРОРОВ суҳбатлашди.