1914 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси билан тамал тоши қўйилган ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри Амин Турдиев, Сора Эшонтўраева, Олим Хўжаев, Искандар Мусабеков, Туроб Тўла, Зокир Йўлдошев, Учқун Назаров, Санъат Девонов, Ёқуб Аҳмедов, Маҳмуд Исмоилов, Фатхулла Маъсудов сингари адабиёт ва санъат фидойилари раҳбарлигида томошабинга театр саҳнасининг асл ҳаёт кўзгуси экани, соҳа вакилларига эса унинг нақадар муқаддаслиги номоён этиб келинди. Уларнинг раҳбарлигида театр жамоаси, катта иқтидор эгалари юзлаб спектаклларни саҳналаштирди. Бугун ўз номи билан етакчи, академик драма театрига Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевга раҳбарлик қилаётир. Халқимизнинг севимли актёри билан суҳбатимиз давомида театрнинг эртаси бор, деган ишонч ва эътироф яна бир бор ўз аксини топди.
- Жорий йилги кутилмаган синовлар барча соҳаларга ўз таъсирини кўрсатди. Шу жумладан, театрлар ҳам муддатидан аввал мавсумни якунлаб, томошабинлар учун эшикларини ёпишга мажбур бўлди. 2020 йил, айниқса, Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасига оғир келди, десак хато бўлмайди. Мана шундай ҳолатда етакчиликни қўлга олиш учун жамоага руҳий қувват бериш, вазиятни ўнглаш катта матонат талаб қилади. Шу маънода бугунги жамоага раҳбарлик ҳар қачонгидан юксак масъулият юклайди, тўғрими?
— Ҳа, бу йил театримиз, санъатимизнинг йирик вакиллари — Дилбар Икромова, Фатхулла Маъсудов, Абдураим Абдувахобовлар шу муқаддас саҳнани, бизларни тарк этди. Албатта, бундай кетма-кет йўқотишлар жамоани чуқур қайғуга солди, кўп жафолар кўрди. Аммо яратганнинг инояти. Ҳар қандай вазиятда саҳнани бир зум унутмаслигимиз, халқимизнинг театрга, санъатга бўлган қизиқишини, эҳтиёжини қондириш мақсадида янги-янги асарлар устида ишлашимиз керак. Шу маънода, аввало, жамоанинг менга билдирган ишончи, қолаверса, иккинчи уйимдек азиз бўлиб қолган театрнинг келажаги учун раҳбарликни зиммамга олдим. Қолаверса, бу даргоҳда бизнинг изимиздан эргашган иқтидорли ёшлар кўп. Уларни танлаган йўлидан кўнглини қолдирмаслик, саҳнага содиқлик руҳида тарбиялаш театрнинг вазифаси. Халқимизнинг, устозларим ҳамда жамоанинг ишончини оқлаш учун, албатта, жуда катта куч керак бўлади.
Энг муҳими, менга бу театрнинг ўтмиши ҳам, бугуни ҳам аён экани ёрдам беради. Эндиликда фақат унинг эртаси ҳақида ўйлашим кераклигини чуқур ҳис қилиб, фаолият бошладим.
Август-октябрь ойларида юзага келган вазият сабабли зарур профилактик тадбирларни олиб бордик. Шундан кейингина анъанавий фаолиятимиз, репетициялар бошланди. Ноябрь ойининг илк куни театримиз ўзининг 106-мавсумини “Жалолиддин Мангуберди” спектакли билан очди. Томошабинларни шифокорлар тавсиясига биноан, одатдагидан кенгроқ оралиқда жойлаштирганимиз учун тўғриси, уларни сиғдира олмай қолдик. Айни шу ҳолат, яъни халқнинг театрни соғингани қайта куч бағишлади бизга. Ҳозирча спекталларни жума, шанба, якшанба кунлари қўйяпмиз.
Яна бир муҳим жиҳат — бу озодалик. Театр биноси, театрнинг ҳовлиси бошқа бинолардан, бошқа ҳовлилардан фарқ қилиши керак. Тозалик, саранжомлик бор ерда файз-барака бўлади. Театрга келган ҳар қандай инсон унинг маънавият, маърифат ўчоғи эканини ҳис қилиши керак. Шунинг учун дастлаб ободонлаштиришга эътибор қаратдик. Бу борада ёшларимизнинг хайрихоҳлиги, фаоллигидан хурсанд бўлдим. Бундан ташқари, театрда электр ва иситиш тармоқлари муаммоси ҳам етарлича эди. Масалан, 2014 йилдан буён спектакль олдидан томошабинлар тўпланадиган фойе исимайди, бир ёқда чироқлар муаммоси. Албатта, буларни бажариш учун мутасадди ташкилотларнинг кўмаги зарур эди. Шу ўринда бизга катта ёрдам бераётган “Дўстлар клуби”нинг аъзоси – ҳамкоримиз “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти раҳбарияти, шаҳар электр тармоқлари масъулларига, ободонлаштириш ишлари юзасидан Шайхонтоҳур тумани, Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ободонлаштириш бўлимлари ходимларига алоҳида миннатдорлигимни айтиб ўтмоқчиман.
— Айтганингиздек, ҳар қачон, айниқса, бугун жамоа учун саломатлик биринчи галдаги масала. Бу борада тиббиёт ходимлари ҳамиша нажоткоримиз бўлиб келган. Отахон театримиз томонидан шифокорлар ҳақида спектакль саҳналаштириш режалаштирилгани ҳақида эшитгандик. Бундан ташқари яна қайси янги асарлар устида иш олиб борилаётгани ҳақида гапирсангиз..
— Агар эл бирлашса ёвнинг ўлгани, кўпчиликнинг дуосида хайру барака бор. “Сен борсан аслида мана шу кўнгил тўлгани, Сен улуғ дардкашимсан, буюк шифокор!”. Мана шу шиор асосида битта асар саҳналаштириш бизнинг бурчимиз. Чунки шифокорлар ўзининг жонини хатарга қўйиб бўлса-да, халқимизни асраяпти. Бундай инсонлар ҳақида йўл-йўлакай асар яратиб бўлмайди. Уларнинг жасорати қадар буюк бир саҳна асарини албатта яратамиз. Нафақат шифокорлар ҳақида, эндиликда бошқа мавзуларда ҳам фақат пишиқ, мукаммал, халқни яхшиликка ундайдиган асарлар устида ишлашни жамоа билан келишиб олдик. Айни пайтда “Уруш одамлари” спектакли устида ишлаяпмиз. Шуни алоҳида айтишни истар эдимки, яқинда театримизнинг 30 нафарга яқин ёшларини тажрибали, забардаст режиссёр Баҳодир Йўлдошевга бириктирдик. Бу билан уларни аввало профессионалликка ўргатиш, театрга бўлган муҳаббатини ошириш назарда тутилган бўлса, иккинчи томондан Президентимиз ташаббуси билан Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш ишларига муносиб ҳисса қўшиш, яъни бу қутлуғ санага туҳфа тайёрлаш. Тўғрироғи, “Садди Искандарий” спектаклини маромига етказиб саҳналаштирмоқчимиз. Ва бу борадаги ишларни бошладик. Театримизнинг кичик саҳнаси ҳам бор, у ҳам ишлаб туриши керак. “Садди Искандарий” ҳам ана шу кичик саҳнамизда кўрилгач, насиб қилса, Ҳазратниг таваллуд санаси арафасида катта саҳнага олиб чиқамиз.
— Бугун мамлакатимиз Учинчи Ренессансга сари қадам қўйди. Бу борада миллатимиз зиёлилари, илм-фанимиз етакчиларининг турли фикр-мулоҳазаларига гувоҳ бўляпмиз. Янги Ренессанс ва шундай мураккаб вазиятда қабул қилинган соҳага доир янги қарор ва фармонларга муносабатингиз...
- “Ўзбеккино” миллий агентлигининг илтимоси билан хизмат юзасидан яқинда Қорақалпоғистонга бориб келдим. Шу ерда менда бир ғоя уйғонди. Қорақалпоқ ва ўзбек халқининг қон-қардошлигини амалда, саҳнада намоён этишимиз керак. Буни Иззат Султоннинг “Иймон” ва қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳимовнинг “Ўжар” спектаклларини биргаликда ижро этиш орқали кўрсатишни ўйладим. Яъни саҳнада бир пайтда икки тил янграйди. Бу ғояни Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурод Камолов ҳам бирдек қўллаб-қувватлади. 23 ноябрдан 2 декабргача Нукус шаҳрида бўлиб, тайёргарлик олиб борамиз ва “Бердақ” номидаги мусиқали драма театрида янги талқиндаги спектаклни қорақалпоқ халқига тақдим этамиз. Режамизга кўра, бир ойдан сўнг улар Тошкентга келади. Ҳамкорликдаги икки тилли спектаклимизни пойтахтда ҳам намойиш этамиз. Шунингдек, бу ишни ҳар битта вилоят театрларида ҳам давом эттиришни ният қиляпмиз. Чунки вилоятлардаги актёрларнинг қанча-қанчаси бу театрга кира олмаган. Театримиз актёрлари билан роль ижро этишни бир умр орзу қилади улар. Бу билан уларнинг орзулари амалга ошиб, қалблари ғурурга тўлиб, Ўзбек Миллий академик драма театрида роль ўйнагандек бўлади гўё. Бу ҳаракатларимиз ҳам қайсидир маънода Учинчи Ренессансга театр соҳасида қўйилаётган илк қадамлар, деб ҳисоблайман.
Апрель ойида қабул қилинган қарор ва фармонга келадиган бўлсак, уларда давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган меҳри яққол сезилиб турибди. Тўғриси, бунақанги қарорлар, фармонлар аввал бўлмаган. Маданият соҳасига бўлган муҳаббатнинг юксак намунаси бу. Катта раҳмат. Биз энди мана шу меҳрга муносиб бўлишимиз, ишончни оқлашимиз керак. Албатта, ўз меҳнатимиз, Янги Ўзбекистонни қуриш борасидаги дадил қадамларимиз, фидойилигимиз билан.
- Бугун ҳар бир жабҳада Янги Ўзбекистонни биргаликда бунёд этиш, туб бурилишлар, ўзгаришларга халқни ишонтиришга бўлган ҳаракат кузатиляпти. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ягона мақсадимиз — халқни рози қилишга айланиб боряпти. Бундай эзгу мақсад театр санъатида ҳам амалга ошиши керак, албатта. Бу борада нималарни дилга тугдингиз?
- Куни кеча мен Касаба уюшмаларининг саккизинчи Қурултойида делегат сифатида қатнашдим. Ана шу ерда мен Касаба уюшмаларининг Янги Ўзбекистонни қуришдаги хиссасида гўёки барча соҳалар истиқболини кўрдим. Президентимизнинг уларга йўллаган табригида Касаба уюшмалари академиясини ташкил этиш, 11 ноябрни Касаба уюшмалари куни деб номлашдек эзгу мақсадларни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Ҳатто 5 500 минг аъзоси бўлган Касаба уюшмаларига бош эгсанг арзийди, чунки инсон ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимояси бор, деган гаплар кўнглимдан ўтди. Бугун барча соҳада қисқа давр ичида асрга татигулик ишларнинг бўлаётгани қувонтиради одамни. Ислоҳотлар, тубдан ўзгаришларни бугун ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Янги Ўзбекистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз. Илгари Ўзбекистон — келажаги буюк давлат дейилар эди. Бугун бемалол Ўзбекистон — буюк давлат дейишга ҳақлимиз. Айниқса, Президентимизнинг биринчи марта БМТ минбаридан ўзбек тилида нутқ сўзлагани буюклигимизни бутун жаҳонга исботлаш баробарида ўзбек тилининг мартабаси, нуфузини кўтаришга хизмат қилди.
Мен ёшларга ҳам кўп айтяпман. Кино, клипларда, сериалларда юлдуз бўлинглар, майли, буларнинг ҳаммаси вақтинча машҳурлик. Аммо театр санъаткорга синмас қанот бағишлайди. Бу пойдевори бор санъат. Пойдевор эса шу муқаддас саҳна. Президентимиз маънавият-маърифат ҳақида қайғуриб, шундай деган эди: “Менинг назаримда охирги пайтларда маънавият-маърифат борасида иммунитетимиз бироз пасайиб қолди. Қолаверса, баъзи бир ёшларимиз ота-боболаримиздан қолган қадриятларимизга бироз беписандлик билан қарашяпти”. Дарҳақиқат, кейинги пайтда бу нарса театрда ҳам сезилиб қолганди. Театрнинг қутлуғ анъаналарига, буюк қадриятларимизга нисбатан беписандлик кўринаётганди. Энди бунақаси кетмайди. Қадриятларга озор бермаслик керак. Ўзбек миллий академик драма театри улкан мактаб.
Биринчи галда қадрсизланиб бораётган анъаналаримизни тиклашимиз керак. Қолаверса, саҳнадаги профессионалликни кучайтирайлик. Шу орқали театрни асраш керак. 1933 йилда бу театр академик унвонига сазовор бўлган. Эндиликда бу даргоҳни Ўзбек Миллий катта академик драма театрига айлантиришни мақсад қиляпмиз. Жамоамиз билан унинг катта театр мавқеини олиши учун астойдил меҳнат қилиш, аввало, халқимизга манзур асарларни тақдим қилишга келишиб олдик. Илоҳим, пандемия балоси нафақат юртимиз, бутун дунёдан тезроқ даф бўлиб, театрларимиз яна томошабинлар билан тўлсин. Умримиз, кучимиз, қудратимиз қадар шу азиз элга хизмат қилишдан толмайлик.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Муножат МЎМИНОВА суҳбатлашди yuz.uz