Аммо барча чора-тадбирларга қарамай, ҳамон айрим фуқаролар орасида жамоат жойларида карантин талабларини бузиш, ижтимоий масофани сақламаслик, ниқоб тақмаслик ёки нотўғри тақиш, тиббий-ҳуқуқий нигилизм, кибр ва бошқа иллатлар, энг ачинарлиси, атрофдагиларнинг уларга бефарқлиги ҳолатлари учраб турибди.
Бундай шароитда коронавируснинг юқиш занжирини узиш, тарқалиш даражасини камайтиришда нафақат тиббий ва молиявий, балки илмий, маърифий-технологик ечимларни қўллаш зарурати юзага келмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт”. Айни кунда ушбу сўзларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Демак, бу маънавият, маърифат масаласи! Бугунги суҳбатдошимиз Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов пандемияга қарши курашнинг маърифий, илмий жиҳатларига тўхталиб ўтди.
— Давлатимиз раҳбари эпидемиянинг миллий характеримиз билан боғлиқ ижтимоий жиҳатига бежиз урғу бермадилар. Зеро, коронавируснинг юқиш занжирини қирқиш ижтимоий масала, профилактик масала. Қаерда ана шу фазилатларни қурол қилиб, ҳар куни намоён қилсак, енгаяпмиз. Лоқайдлик, беқарорлик, кибр, интизомсизлик, бесабрлик, масъулиятсизлик деган маънавий иллатлар бор жойларда юқиш кўп учраяпти.
Бошқача қилиб айтганда, бир қонуният юзага чиқди. Уни “COVID-19нинг юқиш тезлиги халқ характеридаги 4 фазилат даражасига тўғри пропорционалдир”, деб ифодалаш мумкин. Бу 4 фазилат — юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва масъулият. Билимли, интизомли, сабрли ва масъулиятли одамлар юқиш занжирини қирқиб ташлайдилар.
— Бепарволик ва лоқайдлик юртдошларимизнинг соғлиғига, жонига чанг солаяпти. Буни биз кўраяпмиз, хафа бўлаяпмиз, лекин “Мен нима қила оламан?”, деган саволни ўзимизга бермаяпмиз. Нима учун?
— Билиш бу – амал қилиш дегани эмас. Билим хулққа, одатга айланиши керак. Бугун нажот – карантин талабларини билиш, амал қилишда. Қаерда мана шу умуммиллий талаб урф бўлса, ўша жойлардан коронавирус қоча бошлайди. Чунки шифокорларимиз касаллик юқишининг асосий сабаби одамларнинг бефарқлигида, бир-бирлари, ўз-ўзини асрамаслигида дейишмоқда. Аниқ мисол келтираман: Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг кафедра мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гулнора Ибодова бир интервьюсида “Биз пандемиянинг қайси босқичида эканлигимиз, ривожланиш сценарийси бутун аҳолимизнинг онгига боғлиқ”, деди. Биз бу иборага бир маънавий тўлдириш киритамиз. Аҳолининг онгига эмас, аҳолининг хулқига боғлиқ, деймиз. Чунки бугун муаммо одамларнинг онгсиз, билимсизлигида эмас, билимга амал қилмаслигида, хулқида.
Бугун аҳоли, ёшларни ўзини ва бир-бирларини касалликдан ҳимоя қилишга одатлантириш керак. Бу бироз меҳнати бор, лекин ҳал қилувчи зарурат. Қийинлиги нимада? Биз одамларга коронавирус нималиги, ундан сақланиш тартибларини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва кўргазмали маълумотлар орқали тинмай тушунтираяпмиз. Билим, маълумот бераяпмиз. Нурмат ака Отабеков айтганидек, “уларни одамлар ёдлаб олди”. Энди одамларга мана шу хулқни ўргатиш, одатлантириш талаб этилмоқда. Чунки билим одамларнинг хулқига кўчмаса, ундан фойда йўқлигини ҳамма билади. Масалан, кўчада катталарга салом бериш кераклигини синфдаги 30 ўқувчининг ҳаммаси билади. Кўчада эса, нари борса, 3 нафари салом беради. Чунки 90% ўқувчилардаги билим хулққа, одатга айлантирилмаган.
Афсуски, бир кунда юзлаб ватандошимиз ўзига коронавирусни юқтирди. Чунки коронавирус уларни қалқонсиз топди. Чунки қайси биримиз ўз жойида, ўз вақтида “Илтимос, ниқобингизни тақиб олинг!”, демадик. Билдик, лекин айтмадик. Айтсак, балки бир юртдошимизнинг ҳаётини сақлаб қолар эдик.
Бозорда ниқобни иягига тақиб олган йигитни кўрдингиз. Унга кимдир яқинлашди. Гаплашишаяпти. Улардан бири касал бўлиши (буни ўзи ҳам билмаслиги) мумкин. Агар ҳозир ички ишлар ходими, Миллий гвардиячи ёки телеоператор келиб қолса, йигит ёки опахон шу заҳоти ниқобни тўғри тақиб олади. Нега? Чунки жарима солиши мумкин. Жаримага кетадиган арзимаган пул ниқобни тўғри тақтираяпти. Лекин соғлиғига етадиган зиённи англаш – онг ниқобни тақдира олмаяпти-да. Бунга сабаб ички ишлар, миллий гвардия ходимларининг ўктам, дадил, ҳақ тарафида туриб, яхши гап билан огоҳлантиришга етаётган бурч ва журъати.
Пандемия шароитида миллий, диний, ижтимоий мансублигимиздан қатъий назар, ҳар биримизда янги бурч пайдо бўлди. Бу – ён-атрофимиздаги ватандошимизни ҳимоя қилиш. Бу янги мотивация, янги хулқ дегани. Тижорат рекламаларига қарасангиз, тўғри ва нотўғри хулқ қиёслаб, анимацияларда кўрсатилади. Чунки юз марта эшитгандан кўра бир марта кўр(сат)ган афзал. Бир-биримизни коронавирусдан қандай ҳимоя қилишда ҳам худди шундай. Бунинг учун ана шу бурч ва журъатли, нажоткор хулқ моделини тарғиб қилишимиз керак.
— Аммо кўпинча, андиша ёки бепарволик сабаб “Опахон ниқобни тўғри тақмапти-да. Айтсаммикин? Йўқ, нима қиламан асабимни бузиб”, деган қабилида иш тутамиз, бизга алоқаси йўқдек индамай ўтиб кетамиз...
— Мана шу нотўғри андишамиз коронавируснинг юқишига ёрдам бераяпти. Бир эмас, ўнлаб ватандошимизнинг бемор бўлишига сабабчи бўлаяпти. Бугундан бошлаб мана шу бефарқлик аралаш лоқайдликдан воз кечайлик. Ана шунда бир-биримизни COVID-19 балосидан ҳимоя қила бошлаймиз.
Кўнглингиздан “Тўғрику-я, лекин “Сизнинг нима ишингиз бор!? Нима, сиз миллий гвардиямисиз, ички ишларданмисиз?”, дейдиган ғўдайган дилозорлар бор-да”, деган ўй ўтди. Тўғри. Лекин бундайлар юзтадан битта чиқар. Майли, айтсин. Сиз аввало уни, унинг оиласи соғлиғини ўйлаб айтдингиз. Халқни ўйлаб айтдингиз, савоб учун айтдингиз. Сиз бир онгли фуқаро сифатида, жамоатчилик назорати субъекти сифатидаги бурчингизни ҳалол бажарган бўласиз.
Одамларимиз яхши. Ўзига илтимосни, ҳурматни сезган 10 қоидабузардан 9 таси “Ие, узр”, деб ниқобини тақиб олади. Биттаси тақмас. Ҳатто “Сиз қаерда ишлайсиз? Ички ишлар ходимимисиз? Ё Миллий гвардиячимисиз?!”, деб ғўдаяр. Сиз индамай, “Узр”, деб, табассум билан, узоқлашинг. Хафа бўлманг. Сиздан кейин иккинчи киши илтимос қилсин. Яна тақмас, лекин энди унинг ҳовури тушади. Учинчи одам ҳам айтгач, энди у чекина бошлайди. Чунки энди у ўзининг қоидани бузаётганига иқрор бўлиб боради. Эртага яна ниқобни иягига тушириб кўради. Кейин сизни эслаб, кўтариб, тўғрилаб олади. Чунки қоидани бузса, яна одамлар келиб, “Илтимос, ниқобингизни тақиб олинг!”, дейишини билади.
Ашаддий, безбет қоидабузар ҳам бешинчи ё еттинчи одамнинг илтимосига дош бера олмайди. “Уффф, янами...”, дейдию, ниқобни тақиб олади. Чунки у ҳам ўзимизнинг жигарбандимиз. У ҳам COVID-19 нималигини, оқибатларини билади. Сиз нега унга, бошқаларга яхшилик тилаб гапираётганингизни яхши билади.
— Карантин талабларини бузишга илмий нуқтаи назардан қарасак, бу девиант хулқ-атвор, ижтимоий меъёрдан оғиш, нормаларни писанд қилмаслик, бузиш, дейиш мумкин. Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан коронавирус шароитининг маънавий-ахлоқий талаблари, юқиш занжирини узишга қаратилган қандай янги технологиялар ишлаб чиқилмоқда?
— Буюк бобомиз Имом Бухорий “Илмсиз нажот йўқ ва бўлмағай”, деган эдилар. Бу ҳикмат ҳозир ҳар бир олимни ўйлатиб қўйди. Бундан минг йил олдин шунга ўхшаш офат тарқалганида Ибн Сино бобомиз ҳам илмни қўллаб, мамлакатга нажот берганлар.
Азалдан ўзбек маҳаллаларида муҳтасиб(раис)лар жамиятга зарарли ишлардан одамларни қайтариб, ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилишнинг жамоатчилик назорати, амалий маърифатини таъминлаб келишган. Халқимиз бошига қийин кунлар тушганда бирлашиб, енгиб келган. Буни “Халқ айтгани — ҳақ айтгани”, “Кўпдан қуён қутулмас”, “Халқдан ажралганнинг юзи қора бўлар”, “Эл сенга этса надомат, дунёда туролмассан саломат” каби халқ мақоллари тасдиқлайди. Қолаверса, бу бизнинг фуқаролик жамияти, жамоатчилик назоратини ривожлантиришнинг бой имкониятларини яратади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан коронавируснинг юқиш занжирини узувчи “Қайчи” маърифий ҳаракати ғояси ва технологияси ишлаб чиқилди. Маърифий ҳаракатнинг моҳияти – карантин қоидаларини бузган ҳар ватандошимизга дастлаб маънавият ва маърифат ходимларининг, кейинчалик, ҳар бир фуқаронинг хушмуомалалик билан: “Ассалому алайкум. Укажон, дўстим, акажон, опажон, амаки, холажон, синглим. Бир илтимос қилсам, майлими? Келинг, ниқобингизни тақиб олинг. Ижтимоий масофани сақлайлик. Бир-биримизни COVID-19 балосидан ҳимоя қилайлик”, деган мурожаатини жорий қилиш. Ушбу мурожаатнинг турли кишилар томонидан, қайта-қайта қилиниши қоидабузарликларни кескин камайтириб юборади.
Технология самарадорлиги бир неча ҳудудларда синаб кўрилди. Олинган натижалар таҳлили карантин қоидаларини бузган фуқароларни “инсон-инсонга” тамойили асосида хушмуомалалик, маърифат билан карантин қоидаларига риоя қилишга чақириш ва одатлантириш амалдаги ҳолатдан кўра 70% юқори самара беришини кўрсатди. Мамлакатимизда маънавият ва маърифат ходимларининг коронавирусни юқтириш занжирини узувчи “Қайчи” маърифий ҳаракатининг жорий қилиниши қўлимизга COVID-19га қарши кучли маърифий-профилактик қалқон беради. Шундай экан, келинг, ҳар биримиз “Коронавирус занжирини узишга ҳисса қўшиш менинг бурчим”, деб билайлик. Бугунги мураккаб, синовли кунларда бир-биримизни асрайлик!
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди