Кун ҳикмати
Куч ва ақл
Икки дўст ўрмонда ўтин тайёрлашарди. Улардан бири эрта туриб, дарахт кесишни бошлар, бирини қулатиб иккинчисига ўтарди; дам олиш, тушлик қилишга ҳам вақтини қизғанарди. Ҳатто кечаси, дўсти кетганида ҳам ўрмонда қолиб, ишини давом эттирарди. Шериги эса иш давомида вақти-вақти билан дам олар, вақтида овқатланар, кеч тушгач уйига жўнарди. Бир ҳафтадан кейин иккиси тайёрлаган ўтинларини бир жойга тўплашди.
Таажжуб! Тиним билмай ишлаган кишиникидан кўра наригиси — "боқибеғам"нинг ўтинлари кўпроқ эди. Меҳнаткаш киши ҳайрат билан деди:
— Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Ахир сен мендан камроқ ишлаган эдинг-ку!
Дўсти кулимсираганча жавоб берди:
— Тўғри, сен тинмай ишладинг. Мен эса ора-орада дам олдим, дам олаётганимда болтамни ҳам чархладим.
Хулоса: Қанча эмас, қандай ишлашни билиш муҳим, меҳнат куч билан бирга ақл ҳам талаб қилади.
М. Якубова, тайёрлади