МЕҲНАТ ВА СОҒЛИҚ бир-бирига дахл қилмаслиги лозим
«Касб касаллиги» биз учун нотаниш атама эмас. Ҳаёт – бу. Орамизда иш жараёнида соғлиғига путур етиб, ногирон бўлиб қолган ёки саломатлигидаги муаммо сабаб тўлиқ меҳнат қилса ҳам, зиммасидаги вазифаларни бажара олмаётган одамлар учраб туради.
Бироқ қонунчилигимизда ҳар икки ҳолатнинг ҳам ўзига яраша ечими бор. Бу ўртада юз бериши мумкин бўлган тушунмовчиликларга барҳам беради, саломатлигидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг меҳнатга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Хусусан, Меҳнат кодексининг қатор моддаларида ушбу мавзу ифодаланган.
Ҳуқуқшунос Хушнуд Каримов билан шу ҳақда суҳатлашдик.
– Соғлиқ доимий фаолиятни кўтармаса, қандай йўл тутилади?
– Ходим соғлиғидаги ўзгариш туфайли аввалдан бажариб келаётган касбий вазифаларини бажаришга қурби етмай қолса, раҳбардан бошқа енгилроқ ишга ўтказишни сўраш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолатда ходим раҳбариятга тиббий хулосани тақдим этиши шарт. Башарти, янги топширилган ишнинг ойлик маоши кам бўлса, дастлабки икки ҳафтада аввалги иш ҳақи сақланади. Мазкур имтиёздан фойдаланиш ёши катталар, ҳомиладор ва эмизикли оналарга қўл келади. Умуман олганда, аёллар, хусусан ҳомиладор ва ёш болалиларни нисбатан енгил, хавфдан ҳоли иш ўринларига қўйиш, тунги ишлар ва иш вақтидан ташқари ишларга жалб этмаслик ҳам қонуний, ҳам инсоний нуқтаи назардан ҳар бир раҳбарнинг диққат марказида бўлиши зарур.
Бундан ташқари, ҳар бир ходим бирор касалга чалинганида ёки беморни парваришлаш билан банд бўлганида тиббий муассасадан бериладиган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси орқали ишдан озод этилиш ва нафақа олиш ҳуқуқига эга. Нафақа миқдори бир қанча ҳолатларни инобатга олган ҳолда иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади. Суғурта қилинган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этганда, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган миқдор ва тартибда дафн этиш маросими учун нафақа тўланиши Меҳнат кодексининг 288-моддасида кафолатланган.
– Вақт соғлиққа мослашади(ми?)…
– Меҳнат кодексида ойлик маоши ўзгармаган ҳолда иш вақтининг қисқариши қайси ҳолатларда ва кимларга қўлланилиши ҳам белгилаб қўйилган. Бу имтиёз 18 ёшга тўлмаган, I ва II гуруҳ ногирони, ноқулай меҳнат шароити ва алоҳида тусга эга бўлган, уч ёшга тўлмаган болалари бор ходимларга нисбатан қўлланилади. Чунки бу гуруҳга кирувчи ходимлар имконияти тўлиқ иш соатларини «кўтара олмайди». Дейлик, 18 ёшга тўлмаган ўсмирларни иш соатларининг одатий формати зўриқтириб қўйиши мумкин. Қолаверса, бу ногиронлиги бор фуқароларимиз фаолиятида ҳам ноқулайлик туғдиради. «Ноқулай меҳнат шароити ёки алоҳида тусга эга бўлган ходимлар деганда нимани ва кимларни тушунишимиз керак?», деган ҳақли савол туғилиши шубҳасиз. Масалан, физикавий, кимёвий, биологик ва ишлаб чиқаришнинг бошқа зарарли омиллари «ноқулай меҳнат шароити»га мисол бўлса, «алоҳида тусга эга бўлган ходимлар» дейилганда, шифокорлар ва ўқитувчиларни тушунишимиз мумкин бўлади. Бинобарин, уларнинг ишида юқори даражадаги ҳис-ҳаяжон, ақлий зўриқиш, асаб таранглиги кузатилади. Шу ўринда ёш болали онанинг бу борадаги имтиёзини ҳам эслатиб ўтамиз. Улар ҳам бола соғлиғи ва тўғри тарбияланишини таъминлаш учун қонунан иш вақтининг қисқартирилиши имкониятидан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқига эга.
– Таътилдаги имтиёз нима?
– Меҳнат кодексининг 134-моддасига кўра, йиллик асосий таътил муддати 15 иш кунидан кам бўлмаслиги керак. Бу – барча ишчи-ходимлар учун белгиланган меъёр. Аммо қонунчиликда истисно тариқасида 18 ёшга тўлмаган, I ва II гуруҳ ногирони ҳисобланган ходимлар, меҳнат шароити ноқулай ҳамда ўзига хос ишда ишловчиларнинг таътили узайтирилиши белгилаб қўйилган. Демак, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилса, 18 ёшга тўлмаганлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, аёллар ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейинги муддат учун таътилни 6 ой ўтмасдан ҳам сўраш ҳуқуқига эга.
Ташкилот ходимларининг тиббий текширувдан ўтишига тўғри келса, бунга иш вақти ҳисобидан рухсат берилади. Донорлик қилувчи ходимларга қон топширган куннинг эртасига дам олиш учун бир кун берилади.
– «Касб тақозосига кўра, шикастланиш». Бундай вазиятларда қонунчиликда нималар белгиланган?
– Иш вақтида ходимнинг мазаси қочиб қолса, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий муассасага олиб бориш, зарур бўлганда, харажатларни қоплаш корхона ёки ташкилот раҳбарияти зиммасидадир.
Меҳнат кодексининг 189-моддасида меҳнат шароитида майиб бўлиш, шикастланиш, касб касалига чалиниш ҳолларида етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлаши шартлиги баён этилган. Ходим ишдаги вазифасини амалга ошираётиб, хоҳ ташкилот ҳудудида, хоҳ ташқарисида зарар кўрсин, жавобгарлик иш берувчининг зиммасида бўлади. Иш берувчи ажратган транспортдан фойдаланаётгандаги у ёки бу шикастланишни даволаш учун моддий таъминот ташкилот ҳисобидан қопланади. Башарти, зарар ходимнинг айби билан юзага келса ёки қасддан содир этилса, ташкилот моддий тўлов мажбуриятидан соқит бўлади. Ходим меҳнатдаги оғир шикаст туфайли вафот этган ҳолларда зарар оила аъзоларига тўланади.
– Ходимлар ўртасида тиббий кўрик шартми?
– Иш давомида қуйидаги ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилиши шартлиги меҳнат кодекснинг 214-моддасида белгилаб қўйилган:
– 18 ёшга тўлмаганлар;
– 60 ёшга тўлган эркаклар, 55 ёшга тўлган аёллар;
– ногиронлар;
– меҳнат шароити ноқулай, транспорт ҳаракати билан боғлиқ, тунги ишларда банд бўлганлар;
– озиқ-овқат саноати, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқларда фаолият юритувчилар;
– умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.
Тиббий кўрик ходим саломатлигининг умумий назоратини таъминлаб, ўз вақтидаги даво меҳнатга қобилиятсизлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, ходимлари соғлиғи, меҳнатдан пайдо бўладиган зарарлардан ходимларини муҳофаза қилишни кўзлаган раҳбар, албатта, бунинг олдини олиш чораларини кўради. Масалан, ишчиларни даволаш-профилактика хизматлари, физиологик қувватини кўтарувчи озиқ-овқатлар, сут маҳсулотлари, қолаверса, махсус кийимлар ва гигиена воситалари билан бепул таъминлайди.
– Ходим хасталанса, меҳнат шартномаси бекор қилинадими?
– Раҳбар корхонага ходим олаётганида бир қанча жиҳатлар, жумладан, унинг саломатлигига ҳам аҳамият беради. Башарти, ишга жойлашганида соғлом ходим, маълум бир вақт ўтиб, касалликка чалинса ва бу иш сифатига таъсир кўрсатса, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Фақат бу ҳақда камида икки ҳафта олдин огоҳлантириш бериши керак. Агар раҳбарнинг ходим соғлиғи ҳақидаги фикрларини тиббий хулоса ҳам тасдиқласа, огоҳлантириш шарт эмас. Бундай ҳолатларда ходимга икки ҳафталик иш ҳақи миқдорида компенсация тўланади, холос. Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссия тавсияларини бажармаган тақдирда, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли экани белгиланган.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, саломатлик ҳар нарсадан устун эканини, аввало, ходимнинг ўзи тушуниб етиши керак. Ишга муккасидан кетиб ёки нотўғри ёндашиб, ўз вақтида дам олиш, даволаниш ва ўз саломатлигига эътибор бермаса, албатта, ҳар кимнинг ҳам меҳнат қобилияти пасайиб кетади. Шу боис, қонунчилигимизда меҳнат муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига жиддий эътибор берилган. Унга амал қилиш ва ундан тўғри фойдаланиш жамиятимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Дурдона АЛИМОВА
суҳбатлашди