Илм-фан янгиликлари

Олимлар асалариларни коронавирус инфекциясини ҳид орқали аниқлашга ўргатди

Нидерландиянинг Вагенинген университети олимлари асалариларни коронавирусга чалинган инсонни унинг ҳиди орқали аниқлашга ўргатди. Тажриба натижалари ўқув муассасаси матбуот хизмати томонидан эълон қилинган, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: «Korrespondent.net»

Маълум қилинишича, тажрибада 150 та асалари қатнашган. Олимлар ҳашаротлар ҳар сафар инфекция намунаси ҳидини аниқлаганида уларга шакарли сув эритмасини бериб машқ қилдирган. Шунда асаларилар тилчасини чиқариб, ширин сувни йиғишга киришган.

Охир-оқибат ҳашаротлар ўзларининг табиий сезгирлиги натижасида бир неча сонияда касалланган намуналарни аниқлай бошлаган ва тилчасини улар қаршисида ҳеч қандай мукофотсиз ортга бурган.

«Коронавирус бошқа касалликлар каби организмда метаболик ўзгаришларни юзага келтиргани сабаб маълум бир ҳид пайдо бўлади. Асалариларни бир неча дақиқа ичида SARS-CoV-2 вируси билан касалланган намуналарни аниқлашга ўргатиш мумкин», — дея ойдинлик киритади олимлар.

Уларнинг ҳисоблашича, бу каби технология қашшоқ мамлакатларда одамларга ташхис қўйишда самарали бўлиши мумкин.

«Кейинги босқич ушбу йўналиш кўламини кенгайтиришдан иборат. Асаларилар бутун дунёда бор, шу сабабли инсонларга керакли ягона нарса — бу асалариларни ўргатадиган машина», — дейди университет.

Таъкидланишича, InsectSense компанияси ҳозирда бир неча асаларини бир вақтнинг ўзида ўргатишга қодир машина прототипини яратган.

daryo.uz