Эътибор ва эътирофга арзугулик умр соҳибаси

Эътибор ва эътирофга арзугулик умр соҳибаси

Ҳаётда шундай инсонлар борки, уларнинг босиб ўтган ҳар бир они ўзидан яхши ном қолдиришга ва ибрат бўлувчи ҳайрли ишларга йўғрилган бўлади. Шунингдек, яхши фазилатли инсонлар доимо изланишда бўлиб, ўз сафдошлари, жамоаси, фарзандлари ва шогирдлари учун ҳамиша фойдаси тегадиган фаолият билан машғул бўлади.

Ана шундай инсонлардан бири педагогика фанлари номзоди Абдурасулова Гулбаҳор Бурхановна.

Мамлакатимиз спорти ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Гулбаҳор Абдурасулова 1956 йилнинг 5 май санасида Тошкент вилоятининг Келес шаҳрида таваллуд топган. Гулбаҳор Бурхановна Ўзбекистон жисмоний тарбия институтини 1978 йилда тамомлаб, ўз меҳнат фаолияти давомида турли масъулиятли лавозимларда ишлаган.

1984-1987 йилларда эса у Москва шаҳри Марказий давлат жисмоний тарбия институти аспирантура босқичида таҳсил олган. Айнан 1987 йилдан бошлаб, то 2017 йилга қадар Гулбаҳор Бурхановна Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти «Бокс ва қиличбозлик» кафедраси ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, "Соғломлаштирувчи жисмоний тарбия" кафедраси мудири, «Бокс ва қиличбозлик» кафедраси доценти каби лавозимларда самарали меҳнат олиб борди.

Г.Б. Абдурасулова муаллифлигида спорт соҳасига оид қатор услубий қўлланмалар ва дарсликлар нашрдан чиққан. Жумладан, Г.Б, Абдурасулова , Н. А.Фетисова, А.У.Ибрагимовлар ҳаммуаллифлигида "Қиличбозлик назарияси ва услубияти", "Спорт педагогик маҳоратини ошириш (қиличбозлик)" каби дарсликлар, айнан спорт қиличбозлиги иҳтисослиги бўйича мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлашда энг керакли ўқув-методик қўлланма сифатида фойдаланиб келинмоқда.

Айтиш керакки, Гулбаҳор опанинг босиб ўтаётган умр йўллари ҳар қанча эътибор ва эътирофга арзийди. Чунки, уларнинг минглаб талаба-шогирдлари ҳали узоқ йиллар ўз устозлари ишларини муносиб давом этиришига ишонамиз.

Куни кеча ўзининг табаррук 65 ёш-юбилейини нишонлаган Гулбаҳор Абдурасуловани Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ҳамда Қиличбозлик федерацияси раҳбарияти ва масъул ходимлари, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, қиличбозлик спорти фаҳрийлар кенгаши раиси Баходир Назиров табриклашди ва қиличбозлик спорт турини ривожлантиришга кўшган улкан ҳиссалари учун уларга миннатдорчилик билдириб, «Ўзбекистон спорт фахрийси» кўкрак нишони, Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғаларини топширишди.

Ўз навбатида мамлакатимиздаги қиличбозлик спортининг катта оиласи Гулбаҳор Бурхановнани таваллуд айёми билан қутлайди. Уларга аввало, мустаҳкам соғлик ва оилавий бахт, ишларида янги зафарлар тилаб қоламиз.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати