Бу ҳақда Туркия Тиббиёт фанлари университети Юқумли касалликлар ва клиник микробиология кафедраси мудири, профессор Илёс Докметаш Haberturk нашрига маълум қилди. Мутахассиснинг фикрига кўра, кўплаб касалликлар кондиционер орқали юқиши мумкин.
“Ҳаво исиши билан одамлар кондиционердан тез-тез фойдаланади. Вирусли инфекцияларнинг аксарияти кондиционер ва шамоллатиш тизимлари орқали юқиши мумкин. Уйда, иш жойида, одамлар кўп бўлган биноларда кондиционердан фойдаланиш ўрнига, деразаларни очиб, бинони шамоллатиш яхшироқдир”, — дейди у.
Мутахассис, шунингдек, одам фақат ўз уйида, қисқа вақт ичида кондиционерни ишлатиши мумкинлиги, аммо ўша уйда яшамайдиган инсоннинг у ерга кириши ва кондиционердан фойдаланиши жуда хавфли эканини айтиб ўтди.
“COVID-19”нинг пайдо бўлганига бир йилдан ошди. Энди биз биламизки, коронавирус 99 фоиз нафас йўли орқали юқади. Бинобарин, одамлар кўп бўлган жойлар, масалан, кафе, метро, касалхоналар, банкларда кислород алмашинуви рўй беради. Бундай жойларда имкон қадар кам одам бўлиши ва бинолар тез-тез шамоллатилиши лозим”, — дея хулоса қилди мутахассис.