Соғлом турмуш тарзи тарғиботи

Чемпионлар иштирокидаги оммавий спорт тадбирларида 6 000 минг нафардан зиёд аҳоли қамраб олинди

Бугунги кунда юртимизда соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ҳамда оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ана шундай лойиҳалардан бири Сирдарё вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилди.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан ҳамкорлигида фуқароларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш мақсадида ҳудудларда нуфузли спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар иштирокида "Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остида эрталабки бадантарбия машғулотлари ҳамда югуриш ва юриш тадбирлари ўтказилди.

Эрталаб соат 8:00дан старт берилган ушбу соғломлаштирувчи машғулотларда 6 000 нафардан зиёд аҳоли иштирок этди. Машғулотларни академик эшкак эшиш бўйича Жакартада ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинлари ғолиби Алишер Яров, Анатолий Краснов, эркин кураш бўйича Токио-2020 олимпиадасига йўлланма олиш учун курашаётган спортчимиз Нигора Бакирова, белбоғли кураш бўйича Жаҳон чемпиони Фарангиз Абдунабиева, бадминтон бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Азамат Султонов, универсал жанг бўйича 8 карра Жаҳон чемпиони Алишер Абдуллаев каби 10дан ортиқ Ўзбекистон, Осиё ва Жаҳон чемпионлари ҳамда халқаро турнирлар ғолиб ва совриндорлари олиб боришди.

Бу хайрли тадбир Сирдарё вилоятида анъана тусини олган ва ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари барча ҳудудларда чемпион спортчилар маҳаллий аҳоли билан саломатлик тадбирида иштирок этишади, дея хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати