Суҳбат. Саломатлик.

Остеопорознинг олдини олиш учун нималар қилиш керак? Касалликни даволаш усуллари ва оғир асоратлари қандай?

Шу каби саволларга тиббиёт фанлари номзоди Умида Рустамова жавоб берди.

— Остеопорознинг оғир асоратлари қандай?

— Остеопороз узоқ вақт давомида аста-секин ривожланади. Бемор буни сезмаслиги ҳам мумкин. Суякларда зичлик маълум даражада камайгач, оғриқ бошланади.

Биринчи навбатда умуртқа поғонаси суяклари зичлиги камаяди, баъзан синади. Умуртқаларда синиш юзага келгандан, кейингина бемор оғриқ сезади. Афсуски, беморлар оғрик кучайгандан кейингина врачга мурожаат қилишади.

Касалликнинг оғир асорати — суякларнинг синиб қолиши, айниқса, сон суяги бўйнининг синишидир. Бу ҳолатда бемор юра олмайди, ётиб қолади. Камҳаракатлик касалликни баттар ривожлантиради ва ёш ўтгач, бу ҳол ногиронликкача олиб боради.

— Касалликнинг даволаш усуллари қандай?

— Ҳозирги кунда остеопороз касаллиги асоратлари жарроҳлик усулида даволаняпти. Ҳатто кекса беморларнинг сон суяги синганда, вақтни ўтказмай операция қилинади. Айрим ҳолларда синган суяк бошчаси олиб ташланиб сунъий бўғимлар қўйилади.

Беморлар замонавий текширув усуллари (масалан, суяк касалликларини тез аниқловчи рақамли рентген аппарати)дан ўтишлари лозим. Бошқа текширувлар (денситометрия, ультратовушли ва рентгенологик) усуллар ҳам бор. 45-50 ёшдан кейин деярли барча аёллар бундай текширувлардан ўтиб турганлари маъқул.

— Остепорознинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

— Касалликнинг олдини олиш учун тўғри овқатланишга аҳамият бериш муҳим. Балиқ, тухум, сариёғ, сут каби маҳсулотларни, кўкатларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Кўкатлардаги калий суяк тўқимаси оқсили бўлмиш остеокалсин синтезига ёрдам беради.

Жисмоний машқларни бажариш, аёлларнинг рақс билан шуғулланишлари фойда беради. Рақс ҳаракатлари тана мувозанатини тиклайди, йиқилиш ва суяк синиши хавфидан асрайди. Теннис билан шуғулланиш, кўп пиёда юриш ҳам остеопорознинг олдини олади.

Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.