Қиличбозларимиз жамоаси Қохира шаҳрига жўнаб кетишди
Қиличбозларимиз жамоаси Қохира шаҳрига жўнаб кетишди
Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сабля йўналиши аъзолари Мисрда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Қохира шаҳрига етиб боришди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия уйинларига тайёрлаш туғрисидаги ПҚ-2821-сон қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида, ЎзР Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2021 йил 23 мартдаги 474-сонли буйруғи ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Тренерлар кенгашининг 2021 йил 12 февралдаги 5-сонли баёни қарорига мувофиқ қиличбозлик спорт делегацияси таркиби 2021 йил 3-11 апрель кунлари Қохира шаҳри (Миср)да ёшлар ва ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатидаги иштироки белгиланган.
Бугун қиличбозлик бўйича Миллий терма жамоасининг рапира ва шпага турлари аъзолари ҳам Қоҳирага йўл олишади.
Таъкидлаш керакки, терма жамоамизнинг Қоҳирада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатидаги иштироки, 2022 йилдаги Осиё ўйинлари ҳамда 2024 йилдаги Олимпиада ўйинларида муносиб қатнашиш учун муҳим тайёргарлик босқичини ўтайди.
Хабарингиз бор, пандемия сабабли 2020 йили Тошкентда бўлиб ўтадиган қиличбоздик бўйича Осиё чемпионати 2022 йилга кўчирилган. Спортчилар учун Осиё ва Жаҳон чемпионатлари йиллик мавсумда энг асосий ва муҳим якуний мусобақалар ҳисобланади.
Ўтган 2020 йилда спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашиш имконияти бўлмаган. Жорий йилдаги Қоҳирада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати эса ўзбек қиличбозларининг узоқ танаффусдан кейинги ҳолати ва даражасини кўрсатиб беради. Шунингдек, мазкур мусобақалар рейтинг кўрсаткичли бўлгани боис, спортчиларимиз эришган якуний натижаларга кўра жаҳон аренасида ўз позицияси (ўрни)ни яхшилаш ва юқори поғонага кўтариш имкониятига эга бўлади.
Албатта, ушбу нуфузли мусобақа олдидан Миллий терма жамоамиз аъзолари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпиа Қўмитаси кўмагида қиличбозлик спорт тури бўйича дунёдаги энг кучли ва етакчи терма жамоалар билан ҳамкорликда (Киев, Минск, Тбилиси шаҳарлари) спорт базаларида қатор халқаро ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб, олдиндаги турнирга жиддий тайёргарлик олиб боришди. Бундай пухта тайёргарликдан сўнг Миллий терма жамоамиз вакиллари халқаро майдонда муносиб ғалабаларга эришишларига ишонамиз ва қиличбозларимизга ушбу нуфузли ЖЧ мусобақаларида ёрқин ғалабалар тилаймиз!
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати