Жиззах вилоятида янги спорт мажмуалари фаолият бошлади

Жиззахнинг иккита туманида спорт мажмуа фойдаланишга топширилди

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ижтимоий муҳит яхшиланишида муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки спорт аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, турли касалликлар, ёшлар ўртасида зарарли одатларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади десак муболаға бўлмайди.

Сўнги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёш авлодни жисмоний баркамол бўлиб етишишида муҳим ўрин тутади. Шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт комплекслари бунёд этилаётгани эса янада юксак марраларни забт этишга ундамоқда. Спортчилар жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, халқимизни хушнуд этиб келмоқда.

Жумладан, барча ҳудудларда бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам жисмоний тарбия ва спортга алоҳида эътибор берилмоқда. Куни кеча Зарбдор туман Бўстон шаҳарчаси ҳудудида жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактабида Давлат инвестиция дастури асосида замонавий турдаги сендвич панелли ёпиқ универсал спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Мазкур мажмуанинг футбол майдони, югуриш йўлаги, томошабинлар учун мўлжалланган трибуналари ҳамда ташқи қиёфаси таъмирланди.

Фойдаланишга топширилган ушбу спорт залда совуқ ва иссиқ кунларда ҳам спортнинг волейбол, баскетбол, мини-футбол, қўл тўпи, стол теннис, бадминтон каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари майдоннинг ташқи тарафида ёшлар ва спортчилар шуғулланишлари учун wоркоут майдончаси ҳам фойдаланишга топширилди. Спорт мажмуасини очилиш маросимида Зарбдор туман ҳокими З.Рўзиев, Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Кулатов ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди ва сўзга чиқиб ушбу мажмуа мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир намунаси эканлигини таъкидлашди. Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз ушбу қурилиш ва таъмирлаш ишлари «Навоий омад инвест» қурилиш фирмаси томонидан амалга оширди.

Жиззах вилоятининг яна бир тумани Мирзачўлда ҳам Давлат инвестиция дастури асосида замонавий турдаги сендвич панелли ёпиқ турдаги универсал спортзал ва футбол майдони, югуриш йўлаги, томошабинлар учун мўлжалланган трибуналар ҳамда ташқи қиёфаси таъмирланиб тўлиқ фойдаланишга топширилди.

Ушбу спорт мажмуасида ҳам Зарбдор туманидаги каби барча шароитлар мавжуд. Мажмуада «Хумо қурилиш сервис» қурилиш фирмаси томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилди.