— Бугунги кунда дунё миқёсида 121 миллиондан зиёд одамда коронавирус инфекцияси аниқланган. Ҳар куни дунё бўйича вирус юқтирганлар сони 500 - 550 минг нафарни ташкил этяпти. Минг афсуски, бунинг оқибатида ҳар куни 10 мингдан кўпроқ одам ҳаётдан кўз юмяпти. Ўзбекистонда эса бугунги кунгача 82 мингдан зиёд коронавирус инфекцияси ҳолати аниқланган. 99 фоиз беморнинг саломатлиги тикланган, — деди Нурмат Отабеков. — Мамлакатимизда сўнгги уч ой мобайнида вазият анча барқарор бўлиб турди. Ҳар куни ўртача 40-45 нафар бемор қайд этилди. Афсуски, кейинги пайтда инфекция юқтирганлар сони ортаётганини кузатиш мумкин. Айни пайтда улар сони бир кунда 200 нафарга етай деб қолди. Мутахассислар эпидемик вазият мураккаблашишини карантин чоралари юмшатилиши, айрим мамлакатларда унинг бекор қилиниши, айниқса, кўплаб одамларнинг оддий профилактик тадбирларга риоя қилмай қўйганликлари билан боғламоқда. Дарҳақиқат, сўнгги пайтда кўпчилик анча бепарво бўлиб қолди. Касалликни юқтиришдан чўчимай қўйди. Гўё энди касаллик чекинди, батамом тугатилди, деган фикрга борди. Қолаверса, ҳали ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, жамоат жойларига боришдан тийилиш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби талаб ва қоидалар бекор қилингани йўқ. Айрим мамлакатларга йўл очилганидан кейин хорижий давлатларга бориш, у ерда дам олувчилар сони кўпайди. Бундай пайтда, табиийки, бошқа ҳудудлардан келган одамлар билан мулоқот қилиш имконияти пайдо бўлади. Айни шу ҳолат турли касалликларнинг бошқа ҳудудлардан юртимизга кириб келишига сабаб бўляпти. Агар эътибор берган бўлсангиз, илк коронавирусни ҳам хорижга борган фуқаромиз олиб келган эди. Ўзбекистонда қайд этилган биринчи “британча штамм” ҳам хорижга борган юртдошимиз орқали кириб келди.
— Айни пайтда касалланаётган беморларда коронавируснинг қайси тури кузатиляпти?
— Ҳозирги кунда беморларда, асосан, коронавируснинг COVID-19 штамми кузатиляпти. Мамлакатимизда бир кунда ўртача 25-30 мингта лаборатория текшируви ўтказиляпти. Бу ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 75-80 тани ташкил этади. Мана шундай лаборатория текширувларини икки, лозим бўлганда, уч баравар кўпайтириш соҳа ходимлари зиммасидаги асосий вазифа саналади. Фақат шу йўл билангина биз аҳоли орасида касалликка чалинганларни эрта аниқлашимиз, соғлом одамлардан ажратиб олиш ва мулоқотда бўлганлар орасида профилактик тадбирларни ўтказиш орқали эпидемиологик жараённи жиловлашимиз мумкин бўлади.
— Касалланаётганлар орасида болалар нисбатан кўплиги айтиляпти.
— Бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида коронавирусга қарши курашиш борасида муайян тажриба ва маълумотларга эга бўлдик. Дарҳақиқат, таҳлиллар шуни кўрсатадики, болалар аввал умумий касалланганларнинг 2-5, баъзан 5-7 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич эса энди 25 фоизни ташкил қилмоқда. Демак, касалланганларнинг тўртдан бир қисми болалар ҳиссасига тўғри келяпти. Лекин бир нарсани тўғри тушуниш керак, COVID-19 вируси бўладими, “британча”, “бразилияча” ёки “Жанубий Африка” штамми бўладими, уни даволаш усули ва профилактикасида деярли фарқ йўқ.
— Даставвал, агар оммавий иммунитет ҳосил бўлса, касаллик чекинади, деган қарашлар бор эди. Бу қай даражада тўғри?
— Вирус билан бевосита боғлиқ бундай ҳолатлар инсоният тарихида аввал ҳам кузатилган. Дарҳақиқат, бундай вазиятда оммавий иммунитет ҳосил бўлиши муҳим ўрин тутади. Лекин шуни унутмаслик керакки, коронавирус инфекцияси тарқалганига энди бир йил бўлди. Оммавий иммунитет ҳосил қилишнинг икки усули мавжуд. Биринчиси, касалликдан кейин, иккинчиси эмланиш натижасида ҳосил бўлади. Қолаверса, оммавий иммунитет даражаси (касалликка қарши иммунитети бор шахслар) 60-70 фоиз атрофида бўлсагина, кутилган самарани бериши мумкин.
— Антитанача уч ойдан сўнг йўқ бўлиб кетади, деган фикрлар ҳам мавжуд.
— Коронавирусга чалиниб тузалган ҳар бир инсон организмида антитанача ҳосил бўлади. Улар организмда уч, олти, тўққиз ойгача ва ҳатто ундан-да кўпроқ сақланиши кузатилмоқда. Яқинда россиялик олимлар куз фаслида коронавирусга чалинган одам бир йилдан сўнг эмланиши мақсадга мувофиқ, деган фикрни билдирди. Ушбу муаллифнинг фикрида антитанача одам организмида 9-10 ойгача сақланади, ундан кейин қайта касалланиш эҳтимоли мавжуд, дейилган. Бунда, албатта, вакцина асқатади. Чунки вакцина вирусга чалинган, чалинмаган организмда ҳам қўшимча антитаначалар ҳосил қилишга имконият яратади.
— Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Тожикистонда ўткир юқумли полиомиелит касаллиги тарқалаётгани ҳақида баёнот берди. У ерда 18 март ҳолатига кўра, асаб системасини фалаж қиладиган хасталикни юзага келтирувчи поливирус (сПВВП2) билан 4 нафар бола зарарлангани аниқланган. Бу касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимоли борми? Бор бўлса, унинг олдини олиш борасида қандай чора-тадбирлар кўриляпти?
— Мамлакатимиз 2002 йилда “Ўзбекистон шол касаллигидан холи ҳудуд” мақомини берувчи ЖССТ сертификатини олган. Тўғри, қўшни мамлакатлар, хусусан, Тожикистон ва Афғонистонда шол касаллиги қайд этилганидан хабаримиз бор. Буни инкор қилмаймиз. Қолаверса, унинг олдини олиш учун барча керакли чора-тадбирлар кўриляпти. Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда шол касаллигига қарши оммавий эмлаш тадбирлари ўтказиш, вирус билан боғлиқ барча клиник белгиларни мунтазам кузатиб бориш, фаол мониторинг қилиш орқали унинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишига йўл қўймаслик имконияти мавжуд. Шу боис, қўшни мамлакат билан чегарадош вилоятларимизда оммавий эмлаш тадбирларини ўтказиш орқали эҳтиёт чоралари кўриляпти. Жорий йилнинг 10 мартидан бугунги кунга қадар Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи 5 ёшгача бўлган болаларнинг 150 минг нафари шол касаллигига оммавий эмланди ва ушбу мақсадда 300 минг дозадан ортиқ вакцина сарфланди. Шол — бу аслида эмлаш орқали олди олинадиган касаллик. Шунинг учун аҳолининг 98-99 фоизини мазкур касалликка қарши эмлаш билан қамраб олиш, уларда иммунитет шакллантириш доимий мақсадимизга айланган. Бу вирус ҳатто ҳудудимизга кириб келган тақдирда ҳам унинг кенг тарқалишига йўл қўйилмайди. Бунинг учун барча эҳтиёт чоралари кўрилган. Хавотирга эса ҳожат йўқ. Қолаверса, бир пайтлар Тожикистон ва Афғонистонда бу борада вазият кескинлашганда, нафақат болалар, балки катта ёшдагилар ҳам оммавий эмланган.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди