Кейинги йилларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни кенг тарғиб қилиш борасида кўп ишлар қилинди. Маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофида “Саломатлик йўлаклари”, спорт майдончалари қурилди, таълим муассасаларида спорт тўгараклари очилди, мактаб-интернатлар иш бошлади. Тўғри овқатланиш борасида аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Пироварида, халқимизнинг ўз саломатлигига бўлган қарашлари тубдан ўзгарди. Бугун оилавий спорт сайрига чиққан, фарзандларини, набираларини етаклаб спорт тўгаракларига қатнаётган кишиларни кўп учратамиз. Бир сўз билан айтганда, спорт биз учун қалб эҳтиёжи, руҳий кайфият тантанасига айланди.
Коронавирус пандемияси шароитида соғлом турмуш тарзи нақадар муҳим экани янада яққол намоён бўлди. Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шу синовли кунларда ҳаётий қудрати билан муҳим аҳамият касб этди. Соғлом турмуш тарзи жисмоний тарбия ва спорт билан уйғунлашади.
Мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, оммавий соғломлаштириш ҳаракатларини тарғиб қилиш, халқаро майдонларда ҳам юртимиз нуфузини ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек ҚОСИМОВ билан суҳбатлашдик.
— Спорт ҳақида гап кетганида, аввало, олимпия ҳаракати ғояси, мақсад ва вазифалари ҳақида айтиш ўринли. Асосий ғоя, бу — биринчидан, аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш ҳамда оммалаштириш, — дейди О.Қосимов. — Барча мамлакатларда ҳам жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ёки давлат бош қаруви шаклидаги муассаса бўлмаслиги мумкин, лекин Халқаро олимпия қўмитасининг ташкилотлари бутун дунёда бор. Бу олимпия ҳаракати асосида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шу орқали аҳолининг барча қатлами саломатлигини мустаҳкамлаш учун зўр имконият, дегани.
Кўпчилик жисмоний тарбия ва спортни битта тушунча, деб билади. Лекин жисмоний тарбия ва спорт мазмун-моҳияти билан бир-биридан фарқ қилади. Спорт унинг маълум бир тури билан мунтазам, профессионал даражада шуғулланиш, халқаро миқёсда ютуқларга эришиш бўлса, жисмоний тарбия кўпроқ аҳоли соғлиғи учун фойдали машғулотларни қамраб олади.
Жисмоний тарбия билан шуғулланишнинг нақадар муҳимлиги пандемия шароитида яққол сезилди. Соғлом одамларнинг вирус юқтириш ҳолати кам кузатилди ёки уни енгил ўтказди. Саломатлиги тикланиш жараёни ҳам осон кечди. Спортчиларимиз ўртасида эса коронавирусга чалинганлар жуда камчиликни ташкил этди, йўқотишлар бўлмади.
Гап халқимиз саломатлиги, келажак авлоднинг жисмоний ва маънавий қиёфаси ҳақида борар экан, Ўзбекистон бугун тўғри йўлда эканига амин бўламиз. Бир мисол келтирамизки, у сиз билан суҳбатимиз давомидаги барча фикрларимизга, мушоҳадаларимизга асос бўлади: Президентимиз ҳар доим аҳолини даволашдан кўра, соғлом турмуш тарзига жалб қилиш орқали касалликка чалинишининг олдини олиш афзал экани ҳақида қайғуриб келади. Ўтган йиллар мобайнида шу даражага эришяпмиз ҳам. Халқимиз орасида соғлом турмуш тарзини танлаб, саломатлигини мустаҳкамлаб келаётган фуқаролар кун сайин кўпчиликни ташкил этмоқда. Шу жараёнда жаҳон ва Олимпиада ўйинлари чемпионлари бошқалар учун намуна бўляпти.
Олимпия ҳаракатининг иккинчи йўналиши, бу, албатта, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш ва мамлакат нуфузини дунё миқёсида кўтариш.
Кейинги йилларда янги Ўзбекистонда спорт сиёсат даражасига чиқди. Ўтган 4 йилда жисмоний тарбия ва спортга доир Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Улар асосида Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси тубдан янгиланди.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан юртимизда соғлом турмуш тарзи бўйича бошланган ишлар, оммавий спортни тарғиб этиш чора-тадбирлари янги босқичда ривожланяпти. Фармон асосида мактаблардаги спорт залларида аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилди. Бу ҳам жуда керак эди. Чунки ҳаммада ҳам, ҳар доим залга бориб, пул тўлаб спорт билан шуғулланиш имкони бўлавермайди. Маблағ ва алоҳида шароит талаб қилмайдиган спорт билан шуғулланиш йўлга қўйилди.
Айтайлик, спортча юриш, югуриш, турникда тортиниш ёки велоспорт, баскетбол, бадминтон, стол тенниси билан шуғулланиш учун оддий йўлак, нари борса кичик майдонча кифоя. Олдинлари маҳаллаларда ана шу спорт турлари билан шуғулланиш учун ҳам шароит бўлмаган. Бугун қайси маҳаллага кирсангиз спорт майдончалари борлигига ёки қурилаётганига гувоҳ бўласиз. Ҳар куни қаердадир оддий аҳоли, ҳаваскор ва профессионал спортчилар ўртасида мусобақалар, спорт тадбирлари ташкил этилаётгани ҳақида хабарларни ўқишингиз мумкин. Оммавий югуриш, тўрт-беш минг қадам пиёда юриш, веломарафонлар ўтказиш, мусобақаларда оилавий иштирок этиш яхши анъана тусини олди. Буларнинг барчасига Президентимизнинг юқорида тилга олган фармонида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун молиявий манбалар белгилаб берилгани асос бўлди.
— Олимпия ҳаракатининг иккинчи йўналиши — спортчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш ва мамлакат нуфузини ошириш ҳақида гапирдингиз. Бу — катта спорт. Спортчиларимиз олдида Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари турибди. Нуфузли мусобақаларга тайёргарлик жараёни қандай кетяпти?
— Ҳа, шу кунларда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўряпмиз. Бу ҳақда гапиришдан олдин 2012 йили Лондон шаҳри мезбонлик қилган Олимпиада хулосаларига тўхталсак.
Ўша Олимпиадада 53 спортчимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Фақатгина битта олтин (Артур Таймазов) ҳамда иккита бронза медаль (Ришод Собиров ва Аббос Атоев) қўлга киритилди. Бу муваффақиятсизликдан кейин устувор спорт турлари танлаб олинди ва давлат томонидан маблағ ажратилишига эришилди. Кейинги Олимпиадага қадар махсус дастур асосида тайёргарлик ишлари бошланди.
Бу чора-тадбирлар 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида ўз натижасини берди. Шу йили ўзбекистонлик спортчилар тўрт олтин, икки кумуш ва етти бронза медални қўлга киритди ва 207 мамлакат ўртасида 21-ўринни забт этди. Бу жуда яхши кўрсаткич бўлди. Шундан кейин давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириғи асосида таҳлилларни давом эттирдик.
Нима учун спортчиларимиз кўпроқ якка кураш турларида иштирок этиб, ғалабага эришяпти-ю, жамоавий ўйинларда Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритиш бироз қийин бўляпти, деган саволни ўртага ташладик.
Бугун вазият бошқача тус олган. Токио Олимпиадасига велоспорт, бешкураш бўйи ча ҳам лицензияларни қўлга киритдик. Спорт турлари ва лицензиялар сони бўйича ҳам ўсиш бор.
— Кейинги йилларда Миллий олимпия қўмитаси фаолиятига доир ўзгаришларни санаб ўтсангиз. Ислоҳотлар эпкини нималарда сезиляпти?
— Миллий олимпия қўмитаси барча спорт федерациялари фаолиятини ҳақиқий маънода мувофиқлаштирувчи асосий ташкилотга айланди. Молиялаштириш тизимида ҳам мақбул ўзгаришлар бўлди. Ҳар бир спорт турини ривожлантириш учун давлат томонидан зарур маблағ ажратиляпти, молиявий манбалар аниқ кўрсатилмоқда. Авваллари бирон спорт турини ривожлантириш учун ҳомийлар кўмагига суянилар эди. Ҳозир давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши йўлга қўйилди. Талаб эса битта: аниқ натижага эришиш.
Миллий олимпия қўмитасида 24 соат ишлайдиган штаб ташкил этилди. Федерацияларнинг, спортчи ёки мураббийнинг қандай масаласи бўлса, мурожаат қилиши мумкин. Ва тезкор ҳал қилиш чоралари кўрилади. Тиббий диагностика маркази фаолияти тубдан янгиланди. Фармаколог, диетолог, психологларни жалб қилдик. Улар спортчининг қандай овқатланиши, жисмоний ва руҳий тайёргарлиги, нималарга эътибор қаратиши кераклигини доимий назорат қилиб боради.
Яхши натижаларга эришган спортчилар ва уларнинг мураббийларига стипендия бериш, моддий рағбатлантириш тизими жорий этилди. Хориждан малакали мураббийларни, спорт мутахассисларини жалб қилиш борасида ҳам самарали ишлар қилиняпти.
— Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчи назоратда турадими? Унинг қандай овқатланиши, жисмоний ва руҳий тайёргарлиги, таркибида допинг бор маҳсулотларни истеъмол қилиб қўймаслиги кафолатланганми?
— Допинг масаласи жуда мураккаб. Битта спортчи Олимпиадага йўлланмани қўлга киритиши учун катта маблағ сарфланади. Спортчи билмасдан бирон нарса истеъмол қилсаю таркибида допинг аниқланса, шунча қилган ҳаракат ҳавога учиб кетади.
Шуларни ҳисобга олиб, Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилдан Миллий антидопинг агентлиги ташкил этилди. Бу агентлик мутахассислари доимий равишда спортчиларнинг тўғри овқатланиши, яшаш тарзини назорат қилиб боради. Семинар-тренинглар ўтказади.
Биз ҳозир спортчи, унинг мураббийи ва федерация ёки Миллий олимпия қўмитаси ўртасида уч тарафлама шартнома тузиш механизмини татбиқ этяпмиз. Агар спортчида допинг аниқланса ҳар уч тараф ўз ваколатлари ва мажбурияти доирасида қонун олдида жавобгар бўлади.
— Олимпиада ўйинларида ҳар бир мамлакат делегацияси миллий рамзлари аск этган махсус спорт кийимида иштирок этади. Хабарларга кўра, Токиода ўтадиган Олимпиадада Ўзбекистон жамоасининг формаси ўзгаради. Шундайми?
— Ҳа. Спортчилар учун тайёрланган кийимлар бу йил биринчи марта маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилди. Олдин ҳар доим Ўзбекистон спортчиларининг оқ-кўк рангли кийимига кўз ўрганиб қолган эди. Бу йил яшил рангдан ҳам фойдаланилган, шунингдек, миллий нақшларни кўришингиз мумкин. Насиб қилса, Токио майдонларида ўзбекистонлик спортчилар янги спорт кийимида иштирок этади.
— 2025 йилда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига Тошкент мезбонлик қилади. Ўзбекистонда бу каби нуфузли мусобақаларни ўтказиш бўйича яхши тажриба тўпланган. Шундай бўлса-да, Осиё ўйинларининг ўзига хос масъулияти бор. Тайёргарлик жараёни ҳозирдан бошланганидан хабардормиз. Тўлиқроқ маълумотни ўзингиздан эшитсак.
— Бизда шу пайтгача жаҳон чемпионатлари, халқаро мусобақалар, Марказий Осиё ўйинлари ўтказилган, лекин Осиё ўйинлари бўлмаган.
Дунё миқёсида нуфузли мусобақа саналган Осиё ўйинларида 45 та давлатдан 14-17 ёшли спортчилар иштирок этади. Тайёргарликни бошлаб юборганмиз.
Ўзи Осиё ўйинларини ўтказишни бирон шаҳарга беришдан олдин ишчи гуруҳ жиддий ўрганиб чиқади. Бунда аэропортдан тортиб шаҳар кўчалари, иқлим, меҳмонхоналар ҳолати каби кўп мезонлар эътиборга олинади. Халқаро ишчи гуруҳ Тошкентга келиб, мусобақани ўтказиш бўйича имкониятларни, кўрилаётган тайёргарлик жараёнини ўрганиб кетди. Хулосалар яхши.
Осиё ўйинларига қайси спорт турларини киритиш борасида Осиё олимпия қўмитаси билан музокаралар олиб боряпмиз. Улар орасида миллий курашимиз ҳам бор. Мусобақаларни ўтказиш учун шароитимиз етарли. Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилмоқда.
— Спортда иқтидорларни аниқлаш, яъни селекция масаласи ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бизда бу борада қандай ишлар амалга ошириляпти?
— Селекция масаласи жуда долзарб бўлиб турибди. Шу пайтгача, селекция қандай амалга оширилган? Очиғи, умидли деб топилган иқтидорлилар отаси қўлидан етаклаб спорт секциясига олиб келган болалар ичидан танланган.
Бир воқеани айтиб берай. Бир куни Шоҳимардонга бордик. Совуқ, кўйлакчан бир бола иккита челакни кўтарганича олдимиздан ўтиб, тепаликка чиқиб кетди. Шу болага етиб олдик. Кўришдик, қўли қаттиқ, билаклари чайир. Қайси спорт билан шуғулланасан, десак, “йўқ, спорт билан шуғулланмайман”, деди.
Унинг бақувватлигини кўрсангиз. Қани энди найза улоқтириш бўйича шунақа йигитларни топсак, якка курашларда-ку зўр натижа кўрсатади. Унга озгина эътибор қаратиб, фармакологиясини тиклаб, шуғуллантирсангиз дунёни забт этадиган спортчи етишиб чиқишига шубҳа йўқ.
Мана селекция. Қишлоқма қиш лоқ юриб, уйма-уй кириб туғма спортчиларни топиш селекционерларнинг вазифаси. Ҳозир шунинг устида ишлаяпмиз. Худо хоҳласа, яқин йилларда бу борада ҳам жиддий ўзгаришлар бўлади.
Умуман, олдимизда режалар кўп, катта марраларни мақсад қилганмиз. Шу йил охиригача мамлакатимизда 30 га яқин йирик халқаро мусобақаларни ўтказишга келишганмиз. Спорт туризми бўйича кўргазмали материаллар қилиб хориждаги элчихоналаримиз орқали юртимиздаги кенг имкониятларни тарғиб қиляпмиз. Бизда ҳам халқаро талабларга жавоб берадиган спорт базалари бор. Хорижлик спортчилар келиб, бу ерда машғулот ўтиши, тарихий обидаларимизга, табиат қўйнидаги сайёҳлик манзилларига бориши мумкин.
Олдимизда катта спорт байрами — Токио Олимпиадаси турибди. Яратиб берилган имконият, шароитлардан унумли фойдаланиб, спортчиларимизга, бизга билдирилган ишончни тўлиқ оқлаб, яхши натижаларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз.
“Янги Ўзбекистон” мухбири Улуғбек АСРОРОВ суҳбатлашди. yuz.uz