Prezident farmoni amalda

Андижондаги “Bobur Arena”нинг расман очилиш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб кўплаб амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда, балки бутун дунёда миллионлар ўйини бўлмиш футболни янада оммалаштириш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, футболчилар юқори натижаларни қайд этиши учун уларга етарли шароит яратиш, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган стадионларни қуриш ва мавжудларини қайта реконструкция қилиш ишлари шулар жумласидандир.

Стадионлар ҳақида гап кетганда “Андижон” футбол клубининг уй стадиони бўлмиш “Bobur Arena”ни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим. Сабаби ушбу мажмуа бугун ўзгача қиёфа кашф этмоқда. Майдоннинг атрофи, кийим алмаштириш хоналари, майдонга чиқиш йўлаклари чиройли ҳолатга келтирилган бўлиб, стадион атрофида кичик кўнгилочар ҳудуд барпо этилганки, бу мазкур ўйингоҳда маҳаллий аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши учун хизмат қилади. Шунингдек, дўконда клуб атрибутикасини сотиш йўлга қўйилган. Қолаверса, бу орқали кўплаб иш ўринлари ҳам яратилди. Бир сўз билан айтганда “Bobur Arena” жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беради десак муболаға бўлмайди.

Бугун мазкур мажмуанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдухакимов, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди.

“Бундан 6 ой олдин Президентимиз топшириғига кўра, оммавий спортни ривожлантириш тўғрисида фармон қабул қилинган эди. Шу жумладан, “Стадионларнинг янги концепцияси” яъни “Ареналар концепцияси”га ўтказиш бўйича топшириқ берилган эди. Ҳозир кўриб турибмиз биринчи қадамлар ташланди. Очиғини айтганда, олдин бу стадион 12 ой мобайнида 1 ой яъни деярли 20-25 кун фаолият юритган. Шу вақтда 10 та мусобақа ўтказилар холос. Бошқа вақт деярли бўм-бўш турган. Президентимиз фармонига биноан, ДХШ асосида тадбиркорга берилди ва ажойиб кўриниш касб этди. Бу ерда кўплаб дўконлар ташкил қилинмоқда. Дўконларда спорт кийимлари, спорт буюмлари ва овқатланиш жойлари ташкил этилади. Шу билан бирга бошқа маданий, оммавий, кўнгилочар тадбирлар ўткизиш эвазига арена йилига авваллари 365 кун давомида 20-25 кун фаолият юритган бўлса, энди бу кўрсатгич 100-120 баробарга оширилади. Яна бир муҳим йўналиш, Президентимиз республикадаги барча стадионларни аренага ўтқизиш тўғрисида топшириқ берганлар. Эътиборли жиҳати шундаки бу аренага давлатимиз раҳбарининг ўзлари “Бобур Арена” деб ном берганлар. Бошқа ҳудудларда эса ном танлаш танлов асосида бўлиб ўтади. Биз бу лойиҳани яна бир йил давомида давом эттириб, замонавий спорт-кўнгилочар масканга айлантирамиз”, - деди Азиз Аблухакимов.

Шунингдек, вилоят ҳокими ҳам сўзга чиқиб, Андижон халқини мана шундан кўркам мажмуа барпо этилгани билан муборакбод этди. Концерт дастурлари ва санъаткорлар томонидан куй ва қўшиқлар йиғилганларга ҳуш кайфият улашди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Суперлигасининг 2-туридан ўрин олган баҳс яъни мезбонлар “Андижон” жамоаси янги аренада дастлабки учрашувини “Сурхон” жамоасига қарши ўтказди ва 1:0 ҳисоби билан ғалабага эришди.