Президент фармони амалда. Андижон шаҳридаги марказий стадион “Bobur Arena” деб қайта номланди
Эртага “Бобур Арена”да янги мавсум очилади, унда Бош вазир ўринбосари иштироки кутилмоқда
Фармоннинг мазкур банди ижросини таъминлаш мақсадида Андижон шаҳридаги марказий стадион “Bobur Arena” деб қайта номланди.
Эртага мазкур стадионда янги футбол мавсумининг расмий очилиш маросими ўтказилади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, тадбир доирасида футбол бўйича Ўзбекистон суперлигасининг 2-туридан ўрин олган “Андижон” – “Сурхон” учрашуви ўтказилади, дея хабар берди ЎзГ Жисмоний тария ва спорт вазирлиги.
Таъкидлаш керак, ҳозирги замонда аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнида спорт иншоотлари зарурий аҳамият касб этади. Зеро давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар замирида мамлакатимиз аҳолисига аввало, жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш мақсади кўзда тутилганлиги алоҳида эътиборга молик.
ПФ–6099-сонли Президент фармонида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда аҳоли орасида сўров ўтказиш орқали ҳудудлардаги йирик спорт иншоотларига улар жойлашган ҳудуд хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек, Ўзбекистон тарихи ва спортида ном қолдирган тарихий шахсларнинг номлари берилишини ташкил этиш белгиланган. Ушбу ҳайрли ишни амалга ошириш йўлдаги дастлабки қадамни андижонликлар бошлаб беришди.
М.Якубова