Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ҳар томонлама чиниқтиришда спортнинг ўрни муҳим ҳисобланади. Шу сабабли юртимизда ушбу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган муҳим қарорлар ва дастурлар самараси ўлароқ Ўзбекистон спортчилари жаҳон ареналарида юқори натижаларга эришиб келмоқда. Албатта, спортчиларни юқори натижалар қайд этишида уларга яратиб берилган шароитлар асосий омил ҳисобланади.
2021 йил мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши ҳам келажак эгалари бўлмиш ёшларга алоҳида эътибор қаратиш орқали уларни жисмонан соғлом бўлиб етишишида дастури амал бўлиб хизмат қилмоқда.
Спортчиларга яратиб берилган шароитлар ҳақида гап кетганда, Самарқанд вилоятида ҳам бир қатор спорт иншоотлари қад ростламоқда. Бўлажак чемпионлар учун жаҳон стандарти талабларига жавоб берадиган замонавий иншоотлар барпо этилмоқда.
Шундай спорт иншоотларидан бири Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида жойлашган Олимпия захиралари коллежининг 600 кринки ўқув биноси капитал реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди.
Бугун мазкур мажмуанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, Тойлоқ тумани ҳокими б.Бобоназаров, тумани прокурори А.Сайфиддинов, тумани сектор раҳбарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ш.Тоғаев ҳамда Тойлоқ олимпия захиралари коллежи жамоаси иштирок этди. Очилиш маросимида сўзга чиққан мутасаддилар мазкур спорт муассасаси келгусида ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб етишишида хизмат қиладиган даргоҳлардан бири бўлишини таъкидлаб ўтишди.
Ушбу спорт иншоотининг қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари «Намунали Бино» МЧЖ пудратчи ташкилоти томонидан олиб борилди. Мазкур мажмуа бюджет маблағлари ҳисобидан 3 млрд 100 млн.сўмлик лойиҳа асосида капитал реконструкция қилинди.
Маълумот тариқасида айтиб ўтмоқчимиз, Тойлоқ олимпия захиралари коллежида ҳозирги кунда 17 та спорт тури бўйича 72 нафар мураббийлар қўл остида 554 нафар ўқувчи-спортчилар спорт машғулотларида иштирок этишмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати