Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чоралари

Қашқадарё вилояти ҳокими Workout майдончаси билан танишди

«Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонида мамлакатимиздаги ҳар бир маҳаллада жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш белгилаб қўйилган бўлиб, ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларида аҳоли яшайдиган манзилларда спорт майдончалари барпо этилмоқда.

Бугун Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қарши шаҳрининг «Пахтазор» митти туманидаги «Ойдин» маҳалласи кўп қаватли уйлари ёнида барпо қилинган ана шундай спорт майдончасини бориб кўрди.

Ташриф давомида вилоят раҳбари ушбу мавзедаги фуқаролар билан суҳбатлашди.

- Эрта тонгдан тоза ҳавода машқ қилиш ёшларнинг ҳам, ёши улуғларнинг ҳам саломатлиги учун ниҳоятда фойдали. Юртбошимизнинг «касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олиш афзал», дея таъкидлаганлари бежиз эмас. Шундай экан, спорт билан шуғулланиб касал бўлишнинг олдини олганимиз маъқул, - деди фуқаролар билан мулоқотда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.

Шунингдек, вилоят раҳбари спорт майдончаси атрофида тунги чироқлар ўрнатиш ва туман, шаҳарларда барпо этилаётган Workout майдончаларини маҳаллий аҳоли билан бамаслаҳат барпо қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.