Вазирлик ва МОҚ раҳбарияти Чирчиқдаги спорт таълим муассасалари фаолиятини ўрганишди

Хабар берганимиздек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мамлакатимиздаги спорт таълим муассасалари фаолиятининг сифати ва иш самарадорлигини ошириш йўлидаги ишлар билан танишмоқда.

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдурахмонов Чирчиқ Олимпия захиралари коллежи ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ташриф буюриб, ушбу ўқув муассасаларида ўқувчи ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Спортимиз мутасаддилари дастлаб Чирчиқ Олимпия захиралари коллежида олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечиришди ҳамда коллеждаги бўлимларни бирма-бир кўздан кечиришди. Шунингдек, ёш спортчиларга берилаётган овқатларнинг рациони, калорияси, ётоқхоналарда яратилган шароитлар ҳам эътибордан четда қолмади.

Шундан сўнг меҳмонлар ўқув дарслари ҳамда машғулот жараёнларини ҳам кузатишди. Ёш дзюдочилар билан суҳбатда катта мусобақалар ҳавосини кўришлари учун уларни шу йил 5-7 март кунлари пойтахтимиздаги «Ҳумо арена» спорт саройида бўлиб ўтадиган «Катта дубулға» халқаро турнирига олиб бориш бўйича тренерларга қатъий кўрсатмалар берилди.

Тренер ва услубчилар билан суҳбатда ёшларни миллий ватанпарварлик руҳда тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган синф ўқувчилари орасидан энг иқтидорлиларини саралаб олиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

Олимпия захиралари коллежидан сўнг Р.Эрматов ва Р.Шоабдураҳмонов Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўтишди. Бу ерда улар даставвал яқинда Туркия сафаридан қайтган оғир атлетика бўйича миллий терма жамоа базасини ҳам бориб кўришди. Спортчилар билан бўлган самимий мулоқот чоғида уларнинг машғулотлар жараёни, яқин орадаги режалари ҳақида суҳбатлашилди.

Вазирлик ва МОҚ раҳбарлари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам бўлиб, ёш талабалар билан суҳбатлашаркан, уларга ўз олдига қўйган мақсадларидан асло чекинмаслиги, давлатимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлашди. Қолаверса, талабалар билан ўқиш жараёнида яратилган шароитлар ҳақида очиқ мулоқот қилишди.

Чирчиқ сафари якунида ўрганишлар юзасидан тегишли масъулларга кўрсатмалар берилиб, бартараф этилиши керак бўлган масалалар белгилаб олинди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати