Юксак салоҳиятли олим раҳбарлик лавозимларида ҳам самарали хизмат кўрсатган. Жумладан, НамДУ қошидаги лицей-интернат ҳамда 1-академик лицейга, Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга директорлик қилган. З.Содиқов дунёнинг кўплаб нуфузли университетлари ва халқаро тадқиқот ҳамда таълим фондлари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган. у олий таълимдаги фаолияти давомида АҚШнинг Калифорния, Австриянинг Грац университетларида маърузалар ўқиган. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг “Истеъдод” фонди совриндори сифатида Германиянинг Майнц университетида бир неча маротаба илмий тадқиқот амалиётини ўтаб қайтган.
Изланувчан педагог бугунги кунда НамДУнинг Ўзбек тили, Ўзбек адабиёти, Педагогика ва таълим назарияси илмий кенгашлари аъзосидир. Таржимон сифатида республикамиздаги бир неча шоир ва ёзувчиларнинг асарларини немис тилига ўгириб, ўзбек адабиётининг хориждаги нуфузи ошишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
- Ҳурматли Зоҳиджон Ёқубжонович, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Учинчи уйғониш даври ғояси илгари сурилмоқда. Инсоният тамаддуни билан чамбарчас боғлиқ бўлган бу муҳим тушунча халқимиз тафаккурида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб боряпти. Айтинг-чи, Уйғониш даври ёки ренессанс моҳиятида айнан нима ётади ва у халқимизни нима сабабдан ўзига бунчалик кучли тарзда жалб этмоқда?
- Биласиз, ҳар қандай халқ, миллат тараққиёти дастлаб унинг тафаккурида содир бўлади. Сир эмас, бугунги кунда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори замирида ҳам Учинчи Уйғониш даври ғояси мужассам. Аввало, Уйғониш даври тушунчасини аниқлаб олсак. УЙҒОНИШ ДАВРИ илмий манбаларда таърифланишича, Ренессанс — Марказий Осиё, Эрон, Хитойда эрамизнинг IX ва XV асрларда, Ғарбий Европада юз берган алоҳида маданий ва тафаккурий тараққиёт даври ҳисобланади. “Ренессанс” атамаси илк бор Италиядаги маданий-маънавий юксалиш (XIV-XVI асрлар)га нисбатан қўлланилган, уни ўрта аср турғунлигидан янги даврга ўтиш босқичи деб баҳолаганлар. Ренессанснинг асосий аломатлари: тафаккурда ва илму ижодда догматизм, жаҳолат ва мутаассибликка барҳам бериб, инсонни улуғлаш (гуманизм), унинг истеъдоди, ақлий-фикрий имкониятларини юзага чиқариш; диний ақидапарастликдан қутулиб, адабиёт ва санъатда дунёвий гўзаллик, ҳаёт тароналарини қизғин куйлаш; инсон эрки, ҳурфикрлилик учун курашиш кабиларни санаш мумкин. Бунинг натижаси ўлароқ, Италияда шоир Петрарка ва Данте, рассом Жотто, адиб ва мутафаккирлар Боккаччо Ренессанс ғояларининг жарчилари бўлиб майдонга чиқдилар. Кейинчалик Микеланжело, Рафаэль, Шекспир, Сервантес Европанинг турли мамлакатларида буни давом эттирдилар.
Таъкидлаш жоизки, Ренессанс, яъни Уйғониш фақат Европа ҳодисаси эмас. Дунё маданиятини яхлит олиб ўрганган олимларнинг ишлари шуни кўрсатдики, Осиё марказида жойлашган Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эронда Италияга қараганда бир неча аср аввал (IX-XII аcрлар) улкан маданий кўтарилиш юз берган, илм-фан, фалсафа, адабиёт кучли ривожланиб, илғор инсонпарварлик ғоялари жамият фикрини банд этган, ақлий ва ижодий фаоллик гуркираган. Бу давр дунё илмида “Мусулмон Ренессанси” (А.Мец) ёки “Шарқ Уйғониши” (Н.И.Конрад) номи билан аталиб келинмоқда. Шарқ Уйғониш даври ҳам улуғ алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирларни етиштирди. Шарқдаги Биринчи Уйғониш даврида юртимиздан Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Маҳмуд Қошғарий ва Юсуф Хос Ҳожиблар етишиб чиққан бўлсалар, Иккинчи Уйғониш даврида эса, хусусан, темурийлар хонадони ҳукм сурган босқичда Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби даҳо ижодкорлар ўлмас асарлар яратдилар, ишқ-муҳаббат, қаҳрамонлик, озодлик ва эзгуликни куйладилар. Миниатюра рассомчилигида бир неча мактаблар шаклланди, бунда Камолиддин Беҳзод расмлари янги ижодий йўналишга асос солди.
- Президентимиз томонидан илгари сурилаётган Учинчи Уйғониш даври пойдеворини яратиш ғояси тўғрисида нима дея оласиз?
- Менингча, давлатимиз раҳбари илгари сураётган буюк бунёдкорлик ғоялари асосидан муҳим ўрин эгаллаган мазкур қараш остида мустақиллик йилларида қўлга киритилган оламшумул ютуқларимиз, хусусан, инсоният тарихида ҳеч кимдан кам бўлмаган буюк алломаларимиз руҳи уларнинг бугунги ворислари қонида жўш ураётганлиги ва охирги бир неча йилларда Ўзбекистон бутун дунёни ўзига ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ маҳлиё қилаётганлигида деб биламан. Уйғониш тушунчаси негизида, энг аввало, жаҳолатдан маърифат томон уйғониш ётади. Бунинг тамал тошини ўтган аср бошларида ватанимизда янгича тафаккурни бошлаган жадидчилар қўйганди. Аммо Сталин қатағони туфайли улар ғояси ғоялигича қолиб кетди. Шавкат Мирзиёев эса ўша ғояни чинакамига ҳаётга татбиқ этишни бош мақсад қилиб қўйди. Айни пайтда унинг йўл хариталари, стратегик тараққиёт дастурларида аниқ белгилаб берилди. “Тараққиёт мактаб остонасидан бошланади” бунёдкорлик ғояси доирасида илк марта юртимизда таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигига жиддий эътибор берилиб, у давлатимизнинг устувор йўналишига айлантирилди. Таълимнинг ҳар бир босқичини алоҳида ва бир-бири билан узлуксиз ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилиб, уни амалга оширишга доимгидан ҳам кўпроқ маблағ сарфланмоқда. Агар халқ тафаккурида янгича фикрлаш, ривожланиш сари интилиш руҳи жўш урмас экан, асосий мақсадга етиб бўлмайди. Бунинг учун чинакамига билим олиш, мудроқликдан УЙҒОНИШ талаб этилади.
- Агар эътибор бераётган бўлсангиз, Уйғониш даври ғояси бутун дунё мамлакатлари орасида фақат бизнинг юзтимизда жиддий тарзда кун тартибига қўйилмоқда. Бунинг сабаби нимада деган бўлар эдингиз?
- Чунки бу ғоянинг келиб чиқиши Марказий Осиёга, аниқроғи, Ўзбекистон заминига тааллуқли-да! Юқорида айтилган Ғарб Уйғониш даври (ренессанс) адабиётининг асосчиларидан бири Алигери Дантенинг машҳур “Илоҳий комедия” драмасининг сарчашмаси Ибн Синонинг “Ҳаййа ибн Яқзон” (Уйғоқ ўғли тирик) номли асари эканлиги таниқли таржимашунос ва тасаввуфшунос олимимиз Нажмиддин Комиловнинг “Ибн Сино ва Данте” номли рисолада (1982 йил) ҳар томонлама исботлаб берилган. Ўрта асрларда яшаган мутафаккирларимизнинг тараққийпарвар ғоялари, буюк кашфиётлари, ўша даврлардаги таржима мактаблари, саъй-ҳаракатлари билан Ғарб Ренессансига асос солингани Ўзбекистон Фан арбоби, профессор Ғайбулла ас-Салом (1932-2000) яратган ўзбек таржимашунослик мактабида исботланди.
- Сиз Президентимизнинг “Истеъдод” фонди совриндори сифатида яқинда Германиянинг Майнц университети “Таржима, тил ва маданиятшунослик” институтида бўлиб қайтдингиз. Таржиманинг бундай воситачилик роли тўғрисида қандай янгиликларни кўрдингиз?
- Наманган давлат университетимиз билан Германия Майнц университети ўртасида таълим, тадқиқот ва талаба алмашинув бўйича шартнома меморандуми имзоланган. Бу асосда мазкур хорижий университет профессор-ўқитувчилари Наманганга ва бизнинг олимларимиз эса Германияга бир неча бор ташриф буюрдилар. Профессор М.Шрайбер ва А.Гипперлар он-лайн тарзда бир неча маротаба талабаларимизга маърузалар ўқидилар. Камина Майнц университети кутубхонасида немис тилига Шарқ мутафаккирлари асарларининг таржималарига оид кўплаб тадқиқотларни учратдим. Жумладан, жаҳон таржимашунослигида скопос (мақсад) назарияси асосчиси профессор Ҳанс Фермеернинг 3 томлик танланган асарларида араб тилли олимларнинг лотин, испан, француз ва немис тилларига таржималари тарихи ёритилган бўлиб, унинг негизида Ибн Сино, Беруний, ал-Форобий, Улуғбек кабиларнинг асарлари таржималари таҳлил қилинади. Мен бу олимларнинг ўзбекистонлик эканлиги ва улар ўша давр анъаналарига кўра, араб тилида ижод қилганликларини тушунтирдим. Ғарб Ренессанига айнан шулар асос солганини улар ҳам эътироф қила бошладилар. Бунда ўрта асрлар Испаниясидаги Толедо ва Кордоба (Қурдоба) таржима мактаблари муҳим рол ўйнаган. Фикримча, ушбу тадқиқотларни ҳам Ўзбекистоннинг чет эл кутубхона ва музейларидаги маданий меросини ўрганишга оид каталогга киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Тасаввур қилинг, биргина ал-Хоразмий исмининг араб ва лотинча таржималарда – Алжабр – Алгоритмус, Ибн Синонинг – Авицена, Беруний – ал-Барон, Форобий – ал-Фарабус, ал-Фарғоний – ал-Фраганус тарзида таржима қилинишидаёқ қанча ўзгаришлар кўзга ташланади. Европа бизнинг боболаримизни аллақачон ўзиники қилиб олган. Ибн Сино XII асрдаёқ лотин ва бошқа Европа тилларига ўгирилиб, 30 маротаба чоп этилди, 800 йил давомида Европа университетларида ўқитилди ва ўқитилмоқда. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”и ҳозирда АҚШ Ҳарвард университетида президентлар тайёрлайдиган сиёсатшунослик факультетида махсус курс сифатида ўқитилмоқда. Буларнинг барчаси дунё Уйғониш даври бешиги айнан бизнинг юртимиз эканлигидан далолат бермайдими? Камина яқинда “Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарининг немисча ва инглизча таржималари қиёсий-чоғиштирма таҳлили” мавзуидаги диссертациямни муваффақиятли ёқлаб, филология фанлари доктори бўлдим. Қизиғи, унда Германия Майнц университетети профессори, жаҳонга таниқли таржимашунос Михаил Шрайбер расмий оппонент сифатида қатнашди. Ўзбекистон Миллий университетидаги илмий кенгаш олимлари олдида он-лайн тарзда Юсуф Хос Ҳожибнинг мазкур асари немис илм-фан тараққиётига ҳам улкан таъсир кўрсатганига алоҳида эътибор қаратди. Юқоридаги қайдлардан билиниб турибдики, юртимизни дунё эътироф этмоқда. Ҳа, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс бошланаётганидан олим сифатида беҳад мамнунман.
- Мазмунли суҳбатингиз ва қимматли маълумотлар учун ташаккур!
“Янги Ўзбекистон мухбири” Орифжон ЖЎРАЕВ суҳбатлашди. yuz.uz