Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси

Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедиясини яратиш борасидаги ишлар қай даражада?

Хабарингиз бор, 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида Полвонлар миллий маркази ташаббуси билан республика ҳудудларида махсус экспедициялар ташкил қилган ҳолда миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинлари тарихини ўрганиш асосида “Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси”ни тайёрлаш ва чоп этиш белгилаб қўйилган.

Ушбу энциклопедияни яратишдан кўзланган асосий мақсад, аждодларимиздан бизгача етиб келган миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини кенг жамоатчилик, хусусан хорижлик сайёҳларга намойиш этиш ва бу орқали миллий ўйинларимиз ва спорт турларини халқаро миқёсга олиб чиқишдан иборат.

Шу мақсадда ўтган йилнинг сўнгги чорагида энциклопедияни яратиш бўйича бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ишчи гуруҳ тузилиб, амалий ишлар бошлаб юборилган эди.

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида “Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси”ни тайёрлаш ва чоп этиш бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Полвонлар миллий маркази, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда миллий спорт турлари бўйича федерациялар вакиллари иштирок этишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов раислик қилган ишчи гуруҳ йиғилишида энциклопедияни яратиш борасида шу кунга қадар бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.

Унга кўра, шу йил 10 мартга қадар энциклопедияни яратиш механизми ишлаб чиқилиши, шунга асосан “Йўл харитаси” ҳам ишлаб чиқилиб, ташкилий ишларни бошлаш лозимлиги таъкидланди.

“Наврўз” умумхалқ байрами арафасида энциклопедияни яратиш бўйича экспедиялар ташкил этилиб, амалий ҳаракатлар бошлаб юборилади. Энциклопедияни яратиш билан билан бир қаторда иш жараёнлари акс этган ҳужжатли фильмлар ва тематик кўрсатувлар тайёрланиши ҳам белгиланган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати