Оммавий спорт

Президент Фармони барчани бир мақсад йўлида бирлаштирмоқда

Андижондан Мўйноққача пиёда йўлга чиққан йигитлар Гулистон шаҳрига етиб келишди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини тарғиб этиш мақсадида сирдарёлик Элдорбек Жўраев ҳамда Тўлқин Усмонов шу йил 15 февралдан бошлаб Андижон вилоятидан Мўйноққача пиёда йўлга чиқишган эди.

Бугун улар Гулистон шаҳри марказига етиб келишди. Эрта тонгдан спортчи йигитларни вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари муносиб кутиб олишди.

Сўнгра ташаббускорлар билан биргаликда "Алпомиш" спорт мажмуасидан шаҳар марказида қад ростлаган "Юрт байроғи" майдонигача "Соғлиқ учун 5000 минг қадам" акцияси ташкил этилди. Ушбу майдонда Э. Жўраев, Т.Усмонов ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ёшлар иштирокчида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Э.Жўраев масофани босиб ўтишда ўз ёрдамини аямаган Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, унинг тасарруфидаги Сирдарё, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, йўл давомида амалий ёрдамларини берган Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўз миннатдорликларини билдиришди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокимининг туризм ва спорт ишлари бўйича маслаҳачиси Ш.Исакулов, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи И.Ўроқов сайхунободлик йигитларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка кенг тарғиб этишда қўшаётган ҳиссаси учун ташаккур билдирди ҳамда ташаккурнома ва велосипед совға қилишди.