Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган «Спортни сев, спорт билан яша!» фестивали

«Спортни сев, спорт билан яша!» фестивали — бу соғлом ҳаёт сари катта қадам

Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғиб қилиш, ёшларнинг ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун республикамизнинг ҳар бир ҳудудида мусобақалар ўтказилиб келинмоқда.

«Спортни сев, спорт билан яша!» шиори остидаги оммавий спорт фестивали доирасида Навоий вилояти Хатирчи туманида уюшмаган ёшлар ўртасида стол тенниси мусобақаси бўлиб ўтди. Ушбу беллашувда маҳалладаги барча уюшмаган ёшлар қамраб олинди. Улар ўз иқтидорлари ва тажрибаларини синовдан ўтказишди. Мусобақа давомида иштирокчиларнинг шижоати сезилиб турарди. Чунки спорт билан шуғулланиш кишига нафақат жисмоний, балки маънавий куч ҳам беради. Беллашув якунида ғолиб ва совриндорлар, қолаверса фаол иштирок этган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланишди.

Худди шундай мусобақалардан бири Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида маҳалла фаоллари ва уюшмаган ёшлар ўртасида шаҳмат-шашка бўйича ўтказилди. Шахмат спорт тури бежизга ақл гимнастикаси дея эътироф этилмайди. Бу спорт тури инсон саломатлигида ўрни ва роли юқори эканлиги барчамизга маълум. Мусобақадан кўзланган асосий мақсад ёшларни мазмунли ва мароқли дам олишлари, саломатликларни асрашлари керак эканлигини уқтиришдан иборат. Мусобақа давомида иштирокчилар топқирликлари ва зеҳни, ақл-идрокларини яна бир маротаба синовдан ўтказишди. Беллашув қизғин баҳс-мунозара ва тортишувларга бой тарзда бўлиб ўтди.

Мусобақа якунида иштирокчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.