Суҳбат.

ИККИ ГАВҲАР БИРЛАШСА...

Бизнинг энг нозик аъзоларимиздан бири кўзларимиздир. Диаметри 2,5 сантиметрга яқин, оғирлиги 8 граммча келадиган, биргина кулрангнинг 500 хилини қийналмай ажрата оладиган нодир гавҳаримизнинг мушаклари ниҳоятда фаолдир. Кўзларимиз миямизга ҳар сонияда кўплаб ахборотларни етказади. Буни йирик бир шаҳарнинг интернет провайдери қуввати билан қиёслаш мумкин. Айни жараёнда кўзларимиз бир қанча вазифаларни бажариш қудратига эга: кўради, рангларни фарқлайди, мўлжал олади. Мана шундай вазифаларидан яна бири ўқиш, мутолаа қилишдир.
Биз қуйида кўзнинг мутолаа жараёнидаги ҳаракат-ҳолатлари  ҳақида фикрлашиш учун Тошкент шаҳридаги 2-Марказий клиник касалхонасининг кўз касалликлари бўлими мудири, олий тоифали шифокор, жарроҳ-офтальмолог Олимжон Раззоқовни суҳбатга чорладик.

- Аввало, китоб мутолааси жараёнида кўзнинг ҳаракатланиш ҳолатлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Кўпчилик орасида китоб мутолааси пайтида кўз бир чизиқда текис бориб келади, деган гап юради. Аслида эса, у нотекис ҳаракатланади. У бир сўзни ўқир экан, тўхтайди, сўнг сакраб, бошқа сўзга ўтади, ҳатто, баъзан ортга қайтиши, баъзида эса юқори қаторларга ҳатлаши ҳам мумкин. Чунки, кўзлар ҳарфларнинг шаклини фақат собит турган ҳолатдагина, идрок этиб, аниқлаб кўриши мумкин. Ўқиш асносида ортга қайтишлар эса: “Тушунмадим”, деган фикр орқали намоён бўлади. Кўзнинг сатр устида ҳаракатланиши шу тариқа давом этади.

– Олимларнинг аниқлашларича, инсон дақиқада ўртача 200-300 та сўз ўқиса, тез ўқиш кўникмасини эгаллаган киши 600-800, ҳатто, 1000 тача сўз ўқиши мумкин экан. Айтинг-чи, тез ўқиш кўникмасини ўзида шакллантирган кишида кўзга алоқадор қандай ҳолатлар кузатилади?

– Тез ўқиш маҳоратига эга бўлган инсонларда, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, кўзлардаги ҳаракатланиш ҳолатлари – собитлашиш ва сакраш оралиғидаги муддат қисқариб боради. Бу жараён шу қадар тез рўй берадики, ўтган фурсатни ҳисобга олиш учун эҳтиёж қолмайди. Аммо тўхталишлар ¼ билан ½ сония атрофида ўзгариб туради. Аввал нормал ҳолатда ҳар сўзда бир сакраш кўникмаси шаклланган бўлса, эндиликда уч-тўрт сўзда бир сакраш рўй беради. Ортга қайтишлар камайиб, ўқиш тезлиги ортади.
Тез ўқишнинг фойдали жиҳати шуки, кўзнинг физик ҳаракати камаяди. Секин ўқиган кишининг кўзи бир саҳифада 500 марта зич тарзда собит ҳолатга келса, тез ўқувчининг кўзлари 100 марта тўхталишни содир этади. Натижада, мушак ва тўқималар камроқ чарчайди.
Қолаверса, Ҳарли Берлевнинг фикрича, тез ўқилган манба бир марталик мутолаадан сўнг ёдда кучлироқ сақланиб қолади.

– Ўқилган, кўрилган нарсани эслаб қолишда кўз хотираси алоҳида аҳамият касб этади. Шундай экан, уни ривожлантириш учун қандай тавсияларни билдира оласиз?

– Тиббиёт тили билан айтганда, кўз миянинг олдинга чиққан шакли ҳисобланади. Мияда мавжуд бўлган деярли барча пардалар кўзда ҳам бор. У, асосан, мана шу пардалар ёрдамида ахборотларни қабул қилиб, асаблар орқали миянинг кўриш марказларига узатади. Бу маълумотлар бош мия пўстлоғининг нерв ҳужайраларида, олий нерв марказларида қўзғалишни пайдо қилади. Бу жараён муайян вақтдан кейин сўнади. Лекин ундан таъсир изи – хотира қолади. Кейинчалик мана шу таъсир орқали ўқиган, кўрган нарсаларимизни эслаймиз. Хотирада маълумотлар мустаҳкам ўрнашиши учун эса диққат билан ўқиш, эътибор билан кузатиш талаб қилинади.

– Мутолаа бевосита кўз фаолияти билан боғлиқ жараён эканини назарда тутиб, бу машғулотда вақт масаласига эътибор бериш ҳақида тўхталсангиз.

– Шуни унутмаслик керакки, ўқиш кўзнинг яқин масофадан бажарадиган вазифаларидандир. Бунда, табиийки, кўзнинг фокусни тўғрилайдиган мушаклари фаолиятга киришади. Гавҳар қалинлашади, кўз ички босими ортади. Бу ҳолат узоқ давом этса, кўз толиқиб, ачишади, ёшланади, оғрийди. Ҳозирда ёшлар орасида худди шундай ҳолат кузатилмоқда. Имтиҳон топшириш муддати яқинлашгач, узлуксиз тайёргарлик кўриб, танаффуссиз ўқиш, компьютерда иш бажариш билан машғул бўлиб қолмоқдалар. Натижада, кўзлари зўриқиб, турли хасталикларни ортиришгача боришмоқда. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиб, китоб ўқиётганда, дарс тайёрлаётганда, компьютерда шуғулланаётганда, ҳар ярим соатдан сўнг 5-10 дақиқа кўзга дам бериш, узоқ-узоқларга тикилиб туриш мақсадга мувофиқдир. Бу ўз навбатида кўз мушакларини бўшаштиради, гавҳарни яссилаштиради, ички босимни пасайтиради.

– Биламизки, мутолаага турли ҳолатда, дейлик, бирор жойда узанган ҳолда ёки транспортда кетаётган чоғимизда киришамиз. Мана шундай ҳолатларнинг кўзга таъсири ҳақида фикрлашсак. 

– Аввало, мутолаа қилаётган жойингизда ёруғлик етарли даражада бўлиши талаб этилади. Ёруғлик чап томондан тушишини таъминлашга эътибор қаратиш лозим. Айни дамда жуда кучли ёруғлик нури ҳам кўзнинг тўр пардасидаги рецепторларни ҳаддан ортиқ қўзғатиб, кўзнинг толиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун, иш жойида қўлланиладиган стол симчироқдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Транспорт ҳаракатланаётган пайтда ҳам мутолаа билан шуғулланиш кўз учун зарарлидир. Чунки, айни дамда қўлдаги китоб, журнал ёки газета қимирлаб, кўзни бир нуқтага қадалтирувчи ташқи мушакларни зўриқтиради, гавҳар муттасил ўз ҳолатини ўзгариб туришига сабаб бўлади. Бу эса кўриш қобилиятининг сусайишига олиб келади.

– Мутолаа жараёнида кўзга ёрдам берувчи қандай восита ёки машқларни тавсия этасиз?

– Китоб ўқишда кўзга қалам, чизғич ёки бармоқ билан ёрдам бериш мумкин. Кўз уларни сатр устида ҳаракатланиши бўйлаб таъқиб этиб боради. Бу эса унга ўзига хос кўмак вазифасини ўтайди.

– Газетхонларимизга тилакларингиз.

– Кўз ва китоб – бир жуфт гавҳар. Мана шу бойликларимиз ҳаётимизга нур бағишлаб туради. Икки гавҳар бирлашган лаҳзалардаги завқу ҳаяжон ҳеч биримизни асло тарк этмасин.

 

“Фаровон юрт”нинг махсус мухбири Алишер ТУРСУНОВ суҳбатлашди.