Глобал исиш ҳайвонот олами учун янги яшаш жойларини очади. Шу боис Жанубий Хитой коронавируснинг тўпланиш жойига айланди, деб ёзади Швейцариянинг Tages-Anzeiger нашри.
Об-ҳавонинг ўзгариши ҳар хил турдаги кўршапалаклар яшайдиган Жанубий Хитойда тропик ўрмонларнинг ўсишига туртки бўлди. Ўтган асрнинг бошидан буён бу ҳайвонларнинг ҳар хил турлари тобора кўпроқ ана шу ерлардан қўним топди. Бунинг ёмон жойи йўқдир, эҳтимол, аммо кўршапалаклар одамларга юқиши мумкин бўлган энг кўп юқумли касалликларга эга. Улар орасида 3 мингдан ортиқ турли хил коронавирус мавжуд.
Потсдам иқлим ўзгаришини ўрганиш институти тадқиқотчиларининг Science of the Total Environment журналига берган маълумотига кўра ўтган асрда содир бўлган ҳарорат, ёғингарчилик ва булутлар ўзгариши натижасида Хитойнинг жанубий Юннан провинцияси, Бирма ва Лаоснинг қўшни минтақаларида тропик буталар ўрнини асосан тропик баргли ўрмонлар ва саванналар эгаллаган.
Кўршапалаклар яшаш жойи сифатида тропик ўрмонларни афзал кўришади ва бу жойларга тарқалиб кетишган. Кўршапалакнинг 40қа яқин тури иқлим ўзгариши сабабли Жанубий Хитойда жойлашган, дейилади тадқиқотда.
Кўршапалакларнинг ҳар бир тури ўртача 2-3 та коронавирус ташувчиси бўлгани сабабли, Хитойнинг жанубий қисми ва унинг чегарадош минтақаларида кўршапалаклар билан бирга 100 га яқин янги коронавирус пайдо бўлди. Генетика маълумотлари шуни кўрсатадики, Sars-CoV-2 биринчи марта ушбу минтақадаги кўршапалакларда пайдо бўлган.
Тадқиқотларнинг фикрича, иқлим ўзгариши Sars-CoV-2нинг узатилиши ва ривожланишига таъсир қилиши мумкин бўлган механизмни очиб берди. Бироқ, тадқиқот муаллифлари, иқлим ўзгариши бўлмаганда, COVID-19 пандемияси юзага келмас эди, дея таъкидламаяпди.
“Шунинг учун, ҳозирги кунда иқлим ўзгариши оқибатларини янги юқумли касалликлар шароитида кўриб чиқиш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ”, — дейди тадқиқотчилар.
Тадқиқотга жалб қилинмаган Цюрих университети Тиббий вирусология институти ходими Зильке Штерц иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган кўршапалаклар сонининг ортиши Sars-CoV-2 эпидемияси юзага келишига ҳисса қўшган, деб ишонади.