Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддилари иштирокида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ўтказилаётган Республика оммавий спорт мусобақасининг ташкилий масалаларига бағишланган навбатдаги онлайн йиғилиш ўтказилди.
Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, вазирлик ва МОҚнинг ҳудудлардаги вакиллари ва ходимлари иштирок этишди.
Тадбир аввалида бошқарма вакиллари февраль ойининг шу давригача ҳудудларда олиб борилган ишлар бўйича ҳисобот беришди. Ўз навбатида мутасаддилар айрим вилоятларда олиб борилаётган ишлардан талаб даражасида эмаслигини маълум қилишди.
Соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган ушбу мусобақа тобора кўпроқ маҳаллаларга кириб бораётгани ижобий ҳолат экани, бироқ барча жойларда ҳам ишлар кўнгилдагидек олиб борилмаётганлиги, тадбирлар тўлиқ ўтказилмаётганлиги танқид қилинди.
Йиғилишда айрим ҳудудлардаги тадбирлар ҳақида танқидий фикр билдирилиб, мутасаддилардан ишларига янада масъулият билан ёндашиш, тадбирларга кўпроқ оммани жалб қилиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати