Ўз навбатида Шерзод Ташматов мазкур йўналишларининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
“Ортиқча вазн асосан яккакураш спорт турларида катта муаммоли вазиятларни келтириб чиқаради. Бу эса кўзланган режага салбий таъсир қилади, албатта. Шунинг учун энди мазкур йўналишни жиддий назорат қиламиз. Биз барча федерацияларга ёрдам бериш ниятидамиз. Ҳукуматимиз бизни шунчалик қўллаб-қувватлаётган экан, биз бунга юқори натижалар билан жавоб беришимиз лозим”, – деди МОҚ раиси ўринбосари.
Йиғилишда Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз вазнини назорат қилиш бўйича МОҚ ва РСТИАМ ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиши таъкидланди. Федерация масъул вакиллари эса атлетларнинг шахсий вазни ҳақидаги маълумотларни кунлик ҳисобот тарзида жўнатиб туради.
Шунингдек, ADAMS тизимида ишлаш, спортчиларимиз ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида тизимга киритиб бориш йиғилишнинг алоҳида мавзусига айланди. Миллий антидопинг агентлиги мутасаддиларининг маълум қилишича, жорий йил 1 нафар дзюдо, 1 нафар бокс ва 3 нафар спорт курашлари бўйича терма жамоамиз вакилларида мазкур тизим қоидасининг бузилиши билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Агар шундай ҳолат ушбу спортчиларда яна 2 бор такрорланса, улар 2 йилга катта спортдан четлатилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шерзод Ташматов ҳар бир федерацияга мазкур йўналиш бўйича бош котиб бошчилигида масъул ходимлар бириктириш, спортчиларимизнинг ўзларига ушбу тизим билан кўпроқ ишлашни ўргатиш бўйича тегишли топшириқлар бериб ўтди.
Мазкур йиғилишда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси спорт шифокорлари Сардор Садиков ва федерация диетологи Гулчехра Хасанова ҳам фаол иштирок этишди.
Ушбу тадбир давомида йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олиш имконига эга булди.
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати