Хабарингиз бор, 2025 йилда пойтахтимиз Тошкентда IV ўсмирлар ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади. Бир қарашда ушбу нуфузли спорт анжумани бошланишига ҳали анча вақт бордек кўринса-да, 4-5 йиллик муддат бир пасда ўтиб кетади. Шу боис қитъамизнинг ўзига хос кичик олимпиадасини юқори савияда ташкил этишга бугундан жиддий эътибор қаратилмаса, эртага кеч қолишимиз ҳеч гап эмас.
Бу масалага бугун видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Уни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов олиб борди. Шунингдек йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Рашид Толипов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, вазирликнинг тегишли бошқарма бошлиқлари, Республика олий спорт маҳорати мактаблари директорлари иштирок этишди.
Йиғилишда IV ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларини юқори савияда ўтказиш учун Тошкент шаҳрида мавжуд спорт иншоотларининг бугунги ҳолати, уларнинг имкониятлари борасида ўзаро фикр алмашилди. Қолаверса, мусобақа дастурига киритилиши режалаштирилган ўйин турлари учун махсус, халқаро талабларга жавоб берадиган манежларни барпо этиш таклифи илгари сурилди.
IV ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларига қадар Тошкентда қитъа ва жаҳон чемпионатлари, нуфузли халқаро турнирларни ўтказиш орқали халқаро тажрибани бойитиб бориш, шу билан бирга спорт иншоотларининг имкониятларини кўздан кечириб олиш таклиф қилинди.