Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон либерал демократик партияси мутасаддилари, шунингдек, вазирлик ва қўмитанинг ҳудудий вакиллари иштирокида мусобақаларни ўтказиш жараёнларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоконференц алоқа тарзида ўтган йиғилиш танқидий руҳда ўтди ва уни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов ҳамда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов олиб борди.
Тадбир давомида ҳар бир вилоятнинг январь ойида ва февраль ойининг шу кунига қадар режалаштирилган мусобақалари, улардан қанчаси ўтказилгани бўйича ҳисоботлари кўриб чиқилди. Ўрганишлар натижасида Андижон ва Жиззах вилоятларида олиб борилган ишларга танқидий баҳо берилди. Баҳсларнинг регламентдан чиқиб кетиши, баъзи мусобақаларнинг бутунлай ўтказилмаётгани бўйича кескин эътирозлар билдирилди.
Шунингдек, Хоразм, Сурхондарё, Фарғона вилоятларидаги фаолиятдан ҳам қониқиш ҳосил қилинмаётгани таъкидланди. Бу борада Авазжон Каримов мазкур вилоятлардаги бошқарма мутасаддиларига расмий огоҳлантириш берди.
Ўз навбатида Бухоро, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ўтказилаётган тадбирлар режа асосида ташкил этилаётгани, мутасаддилар фаолиятида жузъий камчиликлар учрамаётгани учун ушбу вилоятдаги ишларга ижобий баҳо берилди.
Йиғилиш давомида ҳудудлардаги вакилларга “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтиш, ҳудудда темир дафтар, аёллар дафтарига кирган вакиллар билан ишлаш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшларни мусобақага кенг жалб қилиш, фақат марказларда эмас, балки чекка туманларга бориб, мусобақалар даражасини ўрганиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.