Республикамиз ҳудудларида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар

Андижонда ёшларга эътибор қай даражада? Республика ишчи гуруҳи вазиятни ўрганмоқда

Шу кунларда ҳудудларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи Андижон вилоятида бўлиб турибди. Ишчи гуруҳ таркибига Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов ҳам киритилган.

Сафар давомида ишчи гуруҳ аъзолари Андижон вилоятининг чекка туманларида ҳам бўлиб, ёшлар билан учрашмоқда. Меҳмонлар жойларда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ёш авлодга яратилган шароитлар билан танишиш асносида уларни қийнаётган муаммоларни ҳам ўрганмоқда, эртамиз эгаларининг орзу-умидлари ва мақсадлари билан қизиқмоқда.

Жумладан, Республика ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида вилоятнинг Андижон, Избоскан, Пахтаобод, Балиқчи ва Шаҳрихон туманларидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, шунингдек, Олтинкўл туманидаги 2-сонли умумтаълим мактаби мажлислар залида маҳаллий ёшлар билан учрашувлар ташкил этилди.

Мазкур учрашувларда андижонлик ёшлар ўзларини қийнаётган муаммо ва саволлар билан Республика ишчи гуруҳи аъзоларига мурожаат қилишди. Чунончи, баъзи ёшлар ўз ҳудудида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун етарлича шароитлар йўқлиги ёки спорт мажмуаларида жиҳозларнинг етишмаслиги борасидаги муаммоларни ўртага ташлашди. Ушбу саволларга Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари А.Каримовга атрофлича жавоб берди ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, вазир ўринбосари сафар давомида вилоятнинг Балиқчи, Шаҳрихон, Бўстон, Улуғнор, Хонабод туман ва шаҳарларидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларини ҳамда Андижон олимпия захиралари коллежини ҳам бориб кўрди. Таъкидлаш керак, жойларда аҳвол яхши эмас. Айрим БЎСМларда раҳбарларнинг эътиборсизлиги натижасида оддий таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилмаган. Кийиниш хоналари таъмирталаб, спорт жиҳозлари деярли яроқсиз аҳволда, тренерлар эса ўз устида ишламайди...

Мазкур ҳолатлар юзасидан масъул раҳбарлар билан тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда вазиятни ижобий томонга ўнглаш вазифаси қўйилди. Қолаверса, ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараётган ходимларга ҳайфсан берилиб, айрим раҳбарлар вазифасидан озод этилди.

Зеро ёшларимиз ҳар жиҳатдан яхши шароитларда шуғулланишга ҳақли ва уларни порлоқ келажак кутмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати