Кўпчилик ўзининг саломатликка умидини айнан тиббий омил билан боғлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омиллар орасида тиббий таъминот атиги ўн фоизни ташкил этади. Шубҳасиз, узоқ ва саломат яшашнинг асосий шарти тиббий маданият ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя этишдир. Шу билан бирга, организмнинг захира имкониятларини ўрганиш, ўз саломатлигига малакали муносабатда бўлишнинг бу борада аҳамияти беқиёс.
Ўзбекистон валеологлар уюшмаси аъзоси, шифокор Нигора ЖУМАЕВА шу хусусда мулоҳаза юритди:
Оқилона овқатланиш соғлиқни мустаҳкамлайди, иммунитетни ошириб, юқори ақлий ва жисмоний меҳнат қобилиятини ҳамда фаол умр кўришни таъминлайди.
Рационал овқатланиш баланслашган, адекват ва оптимал бўлиши керак. Бунда истеъмол қилинган овқат ва сарфланган энергия ўртасидаги баланс бузилса инсон семириб кетиши ёки кучсиз, камқувват бўлиб қолиши мумкин.
Соғлом овқатланиш кунига 5 маҳални ташкил қилиши, кечки таом ухлашдан камида 1,5 - 2 соат олдин тановвул қилиниши керак. Овқатланиш оралиғи 3 – 4 соатдан ошмаслиги, ҳар куни бир вақтда тартибли овқатланиш мақсадга мувофиқ.
Инсон организмининг меъёрий ҳаёт фаолияти учун оқсил, ёғ ва углеводларнинг, витамин ва минералларнинг маълум миқдорига нисбати бўлиши лозим. Суюқлик миқдори 2 литр, ош тузи кун давомида 5 – 6 г дан ошмаслиги зарур.
Кекса ва қарияларнинг овқатланиши уларнинг ёшига муносиб равишда, организмнинг моддаларга бўлган эҳтиёжини қоплаши ва эрта қаришнинг олдини олишга йўналтирилиши, енгил ҳазм бўладиган гўшт, балиқ, тухум, кўпроқ ўсимлик ёғлари, сабзавот ва кўкатлар, сут, творог, пишлоқ, қора нон, донли маҳсулотларни ташкил этиши мақсадга мувофиқ. Оқ нон, сариёғ, тухум, шпрот, қаҳва, какао, ҳайвон ёғлари, қандолат маҳсулотлари чегараланади. Овқатланишда мевалар бир кунда 2 маҳал, сабзавотларни 5 маҳал ҳам қабул қилиш мумкин. Булар организмда клетчаткалар вазифасини ҳам бажаради. Клетчаткалар ошқозон-ичак ва юрак қон-томир тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Карам, сабзи, нўхат, ловия, яшил нўхат, анжир клетчаткага бой сабзавотлар сирасига киради.
Болалар овқатланишида клетчатка ва витаминлар — организмнинг ўсиши ва ривожланиши ҳамда фаолияти учун муҳим ҳисобланади.
Минерал моддалар инсон организмида кўплаб физиологик жараёнларнинг меъёрда кечишида, суяклар ва тўқималар тузилишида муҳим аҳамиятга эга. 16 та минерал элементлар, хусусан, кальций, калий, магний, натрий, фосфор, олтингугурт, организм учун кўп миқдорда зарур ҳисобланади. 76 та микроэлементнинг организм ҳаёт фаолияти учун роли катта. Темир — қон таркиби учун, руҳ — ошқозон ости бези, йод — қалқонсимон без фаолияти, мис — жигар, никель — ошқозон ости бези, литий — ўпка, стронций — суяклар, хром ва марганец — гипофиз фаолияти учун жуда зарур.
Юрак қон-томир касалликларининг олдини олиш учун соғлом овқатланиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун донли маҳсулотлар ва мева-сабзавотларни, кўкатларни етарли даражада истеъмол қилиб, ҳайвон ёғлари, углеводлар, юқори калорияли овқатларни камайтириш тавсия этилади. Агар озиқ — овқат маҳсулотлари тез–тез ва кам истеъмол қилинса қонда қанд ва холестерин миқдори камайишини таъминлайди.
Ҳар қандай мавсумда шу ернинг ўзида етиштирилган мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш зарур, чунки одам сув, тупроқ ва иқлим шароитига генетик мослашган бўлиб, буни ҳисобга олиш лозим.
Рационал овқатланишда сув асосий компонент бўлиб, организмда кўплаб вазифаларни бажаради. Сув — тириклик манбаи ва ҳужайралар учун озуқавий муҳитдир. Катта ёшдагилар ҳар куни 3,5 литргача сув йўқотар экан. Шунинг учун бизнинг танамиз тоза сув заҳираси тўлдирилишига эҳтиёж сезади. Биз қанча сув йўқотсак, шунча истеъмол қилишимиз зарур.
Инсоннинг сувга эҳтиёжи тана оғирлигининг ҳар килограми учун 30 – 35 мл.ни ташкил этади. Овқатдан 30 дақиқа олдин ичилган сув гастрит, дуоденит, жиғилдон қайнаши, яра, колит ва бошқа ошқозон бузилишларида фойдалидир. Жисмоний машқ қилишдан олдин ва қаттиқ жисмоний меҳнатдан олдин ичилса эркин сув заҳирасини яратади.
Қабзиятга учраган, мева ва сабзавотларни кам истеъмол қиладиганлар кўпроқ сув ичиши керак. Эрталаб уйғонган заҳоти 3-4 пиёла ичилган сув самарали ич сурувчи восита сифатида ёрдам беради. Оддий сув энг яхши табибдир. Табиий булоқ суви, минерал сувлар фойдали ҳисобланади. Сувсизланиш тромбоз, инсульт, инфаркт, умуртқа острохондрозига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, бош оғриқ хуружи, чарчоқ, қон босими ошиши кузатилиши эҳтимоли бор. Сувсизланишдан бел ва бўғимлар оғриши, қабзият, бўйрак ва ўт пуфагида тошлар пайдо бўлиши мумкин. Тирноқларда ўзгариш бўлиб, тери рангсизланади, эластиклиги йўқолади. Ортиқча вазн пайдо бўлади. Сифатсиз сув ичиш ва етарли миқдорда сув ичмаслик мия ҳужайраларига кучли таъсир этади. Организмда сув 2 фоизга камайса кайфият ёмонлашиб, кўнгил айниши, уйқучанлик пайдо бўлади. 6 – 7 фоизга камайиши бош оғриғи, нафас қисиши, фикрлаш бузилиши, диққат – эътибор йўқолиши, эшитиш 11 – 20 фоизга камайиши ва кўришнинг ёмонлашуви ҳамда мушаклар спазмини келтириб чиқаради. Сувнинг 25 фоизга камайиши ўлим ҳолатига сабабчи бўлар экан.
Сув организмнинг барча ҳужайраларига озуқавий модда ва кислородни етказиб беради. Минерал тузларни эритиб, токсин, шлаклардан тозалайди. Маълумки, инсон овқат емасдан 1,5 ой яшай олади. Сувсиз 3 кунгача яшай олиши мумкин.
Мухтасар айтганда, тиббий маданиятли инсон доимо ўз соғлиги ва оиласини саломатлигига масъулиятли ёндашиб, саломатлик даражасини ўрганиб, ҳар 6 ойда тиббий кўрикдан ўтиб туради. Оилада соғлом муҳитни шакллантириб, ҳаётини мазмунли ўтишига ҳаракат қилади.