Юкламаларнинг спортчи организмига таъсири қандай?

Юкламаларнинг спортчи организмига таъсири қандай?

Гандбол бўйича мамлакат ёшлар ва қизлар терма жамоаларининг ўқув-машғулотлар йиғинида шу саволга жавоб изланди

Олдинда турган халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида жорий йилнинг 25 январидан гандбол бўйича мамлакат ёшлар ва қизлар терма жамоалари Навоий шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказишмоқда. Мазкур йиғин 3 февралга қадар давом этади.

Ўқув-машғулотлар йиғинига илмий жиҳатдан ёндашиш мақсадида Ўзбекистон гандбол федерацияси ташаббуси билан Навоий шаҳрига Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Анатомия ва физиология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дилбар Сафарова таклиф этилди.

Д.Сафарова ўқув-машғулотлар йиғин доирасида юкламаларнинг спортчилар организмига таъсири, уларнинг юкламаларга мослашиш жараёни ва функционал ҳолатларини текширувдан ўтказиб, ўзларининг тегишли кўрсатма ва маслаҳатлари билан ўртоқлашди. Мураббийларга келгуси машғулотларда нималарга аҳамият қаратилиши кераклиги борасида ўз тавсияларини берди.

Шунингдек, тадбирда Навоий вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шаҳло Пардаева, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Гандбол, регби назарияси ва услубияти кафедраси мудири Шуҳрат Тўлаганов, Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Ғулом Бутаев ҳамда мураббийлар иштирок этди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати