Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сонли фармони ҳам бу борада муҳим қадам бўлди. Унда мактабгача таълим соҳасида ҳам жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш алоҳида белгилаб ўтилган.
Мазкур фармон асосида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида мактабгача таълим муассасаларини болакайларнинг спорт билан шуғулланишлари учун замонавий беговеллар (болалар учун педалсиз велосипедлар) билан таъминлаш, “Ўзбекистонда биринчи болалар велопойгаси”ни ўтказиш бўйича Меморандум имзоланган эди. Бугун мазкур ҳужжат асосида олиб бориладиган ишлар, вазифалар мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Жон Макгрегор, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев иштирок этишди. Расмийлар янги ташаббуснинг мамлакатимизда оммавий спорт тарғиботи йўлида қанчалик муҳим аҳамият касб этиши, унинг ўрни ҳақида илиқ фикрларини билдириб ўтишди. Шундан сўнг тадбирда йиғилган ОАВ мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди.
Ушбу ташаббусдан мақсад ёш болаларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратиш орқали республикамизнинг барча ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларини босқичма-босқич беговеллар билан таъминлаш, томонлар ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан иборатдир. Анжуман давомида журналистлар ушбу лойиҳаларнинг молиялаштириш манбаалари, тарбияланувчилар ўртасида веломусобақалар ўтказиш тартиби, беговеллар ва уларнинг турлари, шунингдек, ташкилотларнинг келгусидаги режалар каби йўналишларда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.