Моддий бойликни бир йилда, ана борингки, икки-уч йилда бунёд этиш мумкин. Аммо маънавий бойликка бир неча ўн йиллар давомида эришилади. Фарзандларимизнинг маънавияти учун бугундан бошлаб қайғурмасак, эртага кеч бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги билдирилган фикрларини халқимиз, айниқса, соҳа вакиллари эътибор билан тинглади. Маърузада бизни анчадан буён ўйлантириб келаётган бир қатор муаммолар рўй-рост очиб ташланди. Энг муҳими, буларнинг маънавий, ҳатто иқтисодий ечими ҳам белгилаб берилди.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, шу вақтгача давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик қониқарли даражада бўлмаган. Бу эса барча кучларни ягона мақсад йўлида бир ўзанга жамлаш имконини бермасди. Хусусан, фарзандларимизни билимли, ҳар тамонлама комил инсон этиб тарбиялашга масъул бўлган ўқув муассасалари, хусусан, ўқувчи ва устозлари адабий-бадиий журналлар билан танишиш имконидан, демакки, мутолаа завқидан, бугунги замонавий адабиётимнинг бебаҳо таъсиридан бенасиб бўлиб келаётганди.
Президентимиз бу кемтикни тўлдириш воситаси сифатида “Маънавий ҳаёт”, “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи” журналларини ҳар бир мактабга, маҳалла ва олий ўқув юртларига етиб боришини таъминлашни мутасаддиларга вазифа қилиб белгилади. Шу билан бирга “Агар кимдир маънавият масаласини бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идоралар иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир”, деб таъкидлаб ўтди.
Маънавият дунёқарашни шакллантиради. Бой маънавиятга эса фақат ва фақат адабиётни ўқиш, ўқиш ва ўқиш орқали эришилади. Моддий бойликни бир йилда, ана борингки, икки-уч йилда бунёд этиш мумкин. Аммо маънавий бойликка бир неча ўн йиллар давомида эришилади. Фарзандларимизнинг маънавияти учун бугундан бошлаб қайғурмасак, эртага кеч бўлади.
Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида кўплаб давлатлар катта талофатлар кўрди. Япония эса талофат ҳамда бемисл кулфатларга дучор бўлди. Атом бомбаси мамлакат шаҳарларини кунпаякун қилди. Тақдирни қарангки, бугун Япония энг ривожланган давлатлар қаторида турибди. Бунга японлар қандай эришди? Таъкидлашларича, урушдан кейин улар давлат бюджетининг асосий қисмини илм-фан ривожига, келажак авлоднинг таълим-тарбиясига, ўқиб-ўрганишига сарфлаган экан.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, маънавият, маърифат, маданият ва, табиийки, таълим бир-бирига занжирдек боғланган узвий тушунчалардир. Уларни айро ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис фарзандларимизнинг баркамол инсон бўлиб етишишларини ният қилар эканмиз, таълим бериш билан бирга уларнинг маънавияти ва маърифатига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Бир ижодкор сифатида зиёлилар олдига қўйилган вазифаларни мен шундай тушундим.
Сирожиддин РАУФ,
“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири