“Ёшлар дастури” амалда

“STREET WORK OUT” МАЙДОНЧАЛАРИ КЎПАЙМОҚДА

Кундалик ҳаётимизга соғлом турмуш тарзини татбиқ этишда спорт, айниқса, жисмоний тарбиянинг қанчалик аҳамиятга эгалигини бугун ҳар биримиз яхши англаймиз. Боиси, спорт – соғлиғимизнинг мустаҳкам гаровидир.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида жойларда бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.


Бу борада туманимизда ҳам ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими жорий этилган бўлиб, ушбу чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда барча секторлар ҳудудидаги маҳаллаларда замонавий ва қулай бўлган “Street Workout” спорт майдончалари бунёд этилмоқда. Уйларга бевосита яқин бўлган бундай майдончалар ёшларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларига, ўз вақтларини фойдали ва мазмунли ўтказишларига хизмат қилмоқда.

Мазкур майдончалар зарур сифат стандартларига риоя қилинган ҳолда қурилганлиги билан аҳамиятлидир. Барча жиҳозлар мамлакатимизда тайёрланган бўлиб, “Street Workout Uzbekistan” ҳамжамиятининг тажрибали воркаут спортчилари томонидан тест синовларидан ўтказилган.
Воркаут – бу брусларда, турникларда, полда машқлардир. Баъзи элементлари гимнастикадан олинган, баъзилари янгидан ўйлаб топилган. Яъни, бу мутлақо янги кўча маданиятидир. Шуниси муҳимки, воркаутнинг ҳар бир машқида баданнинг барча мушаклари ўз оғирлиги туфайли ишлайди. Агар доимий равишда шуғулланилса, куч ва чидамлилик яхши ривожланади.

Белгиланган дастурга кўра, ёшларнинг таклиф ва истакларидан келиб чиққан ҳолда туманимиздаги барча маҳаллалар ҳудудида янги конструкциялар асосида махсус жойлар ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, шу кунгача уларнинг сони 56 тага етказилди. Бундай спорт майдончаларининг афзаллиги шундаки, маҳаллаларнинг аҳоли гавжум нуқталарида, айниқса, қўп қаватли уйлар олдида ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш имконияти пайдо бўлади. Айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи ёшларимиз бундай хайрли ишлардан жуда мамнун бўлишмоқда.
Ҳа, ёшларнинг ҳар жиҳатдан етук тарбияланиши, аввало, уларнинг жисмонан соғлом ва чиниққан бўлишига боғлиқ. Эндиги асосий вазифаларимиздан бири мавжуд иншоотлардан унумли фойдаланишимиз, ёшларимизни спорт машғулотларига мунтазам равишда жалб этишимиз лозим.

Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.
“Истиқбол” газетасининг 2021 йил 16 январь, 1-сонидан.