Жиззах вилояти ҳокими 350 нафардан зиёд спортчини тақдирлади
Жиззах шаҳридаги анжуманлар залида вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг жиззахлик спортчилар билан учрашуви ўтказилди.
Бугун Жиззах вилояти ёшлари илм-фан, иқтисодиёт, санъат каби соҳалар билан бир қаторда спорт соҳасида ҳам ўз қобилиятларини намоён этиб келмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоят спортчилари 4та жаҳон ва Осиё, 24 та халқаро турнир, 147 та Республика миқёсидаги мусобақаларда қатнашиб, юксак кўрсаткичлар қайд этди. Натижада, 5 та спорт устаси, 150 нафарга яқин спорт усталигига номзод ва 380 нафар ёшлар 1-даражали спортчи талабларини бажарди.
Жиззахлик спортчилар Осиё ва жаҳон чемпионатларида 8та (шундан 2та олтин, 2та кумуш ва 4та бронза медаллари), халқаро турнирларда жами 61 та (21та олтин, 17та кумуш ва 23та бронза), Республика мусобақаларида жами 844 та (239 та олтин, 236 та кумуш, 369 та бронза) медалларни қўлга киритишди.
Тарихда илк бор вилоят спортчи ёшларидан 4 нафари энг нуфузли турнир, яъни, 2021 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмаларни қўлга киритишди. Жумладан, бокс бўйича "Пахтакор" туманидан Бобоусмон Ботуров, велоспорт бўйича "Зафаробод" туманидан Олга Забелинская, сузиш бўйича "Мирзачўл" туманидан Владислав Мустафин ҳамда паралимпия йўналишининг пауэрлифтинг тури бўйича "Дўстлик" туманидан Фарҳод Умирзоқовлар ушбу шарафли вазифани уддалашди.
Жорий йилда 10,0 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция киритилиши ҳисобига Франция давлати мутахассислари ҳамкорлигида Жиззах шаҳридаги “Сангзоркўл” мажмуаси ўрнида Марказий Осиёда ягона бўлган 3000 ўринли спортнинг вело ВМХ йўналиши бўйича велотрасса қурилиши ишлари давом эттирилмоқда.
Осиё теннис федерацияси вице-президенти, теннис бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи, кўплаб халқаро мусобақалар совриндори Ирода Тўлаганованинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида, юртимизнинг теннис спорт тури бўйича масъуллари билан биргаликда Жиззах шаҳридаги “Сангзоркўл” мажмуаси ўрнида 4та теннис корти қурилиши бўйича фикр алмашди.
Аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича инвестиция дастури асосида жами 35,5 млрд. сўмлик, жумладан, футбол маҳорат мактабини реконструкция қилиш, “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби қошидаги футбол академиясини ташкил этиш, Жиззах олимпия захиралари коллежини реконструкция қилиш, маҳаллий бюджет ҳисобидан 30 та юриш-югуриш йўлакчалари, 13 та мини-футбол, 18 та велойўлак, 22 та бадминтон, 26 та стритбол, 35 та Workout майдончаларини барпо этиш ҳамда ташаббускор тадбиркорлар томонидан сунъий қопламали футбол майдончалари, ёпиқ сузиш ҳавзаси, спорт зал ва соғломлаштириш марказлари барпо этиладиган бўлди.
Тадбир давомида вилоят ҳокими Эргаш Салиев вилоятдаги 359 нафар спортчини телевизор, уяли алоқа воситаси ҳамда ташаккурнома билан тақдирлади.
Тадбир сўнгида, Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар ва тренерлар билан алоҳида суҳбатлашиб, улар учун янада кўпроқ шароитлар яратиб бериш борасида мутасаддиларга алоҳида вазифаларни белгилаб берди.