“Tashkent city"даги Congress Hall мажмуасида «Тошкент ёшлар форуми — 2020” доирасида «Тошкентнинг маданий ва туристик қиёфаси – 2030” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев форум иштирокчиларининг саволларига жавоб берди.
Иқтидорли спортчиларни топиш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан бирон бир ишлар амалга ошириляптими? Футбол бокс ёки шу каби спорт турларида иқтидорлилар эътиборсиз қолиб кетаверади? Бунинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда?
– «Тан олиш керак Ўзбекистонда шу пайтгача селекция деган тушунчанинг ўзи бўлмаган. Чекка-чекка ҳудудлардаги болаларга эътибор қаратадиган тизим тугул шахслар ҳам бўлмаган. Спортда, футболда ўзгаришлар қилиш мақсадида шахсан ўзим вазирлик қошида комиссия тузиб, футбол жамоаси учун вилоятлардан, чекка-чекка ҳудудлардан болаларни тўпладик. Аслида, бу ишни мураббийлар, селекционерлар қилиши керак эди. Афсуски, бунақа тизим йўқлиги учун бу ишга шахсан ўзим киришишимга тўғри келди. Келгусида бу йўналишни изга тушириб олиш бўйича ишларни олиб борамиз».
Футбол бўйича 2027 йилги Осиё Чемпионатини қабул қилишга берилган ариза қайтариб олинди. 2000 йилги Сидней (Австралия) олимпиадасида ҳам ариза қайтариб олганмиз. Нега?
– «Бизда ҳозирча нуфузли мусобақаларни ўтказишга етарли инфраструктура шаклланмаган. Шу сабаб дастлаб алоҳида спорт турлари бўйича кичик мусобақаларни қабул қилиш билан чекланиб турибмиз» – деди Дилмурод Набиев.