Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса бу борадаги ҳаракатларимизга янги руҳ бағишлади. Қиш бўлишига қарамай, эрта тонгдан хиёбону кўчаларда югуриб, чиниқаётган одамларни кўп учратяпмиз. Бугун ҳарбийлаштирилган тизим ходимлари ўртасида ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиш авж олган. Турли спорт мусобақалари ўтказиш оммалашмоқда.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани кейинги йилларда оммавий спорт тадбирларини ўтказишга кенг йўл очмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг барча спорт мусобақаларида фаол қатнашиши, спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган тадбирларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Курсантларимиз мусобақаларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Куни кеча Хива шаҳрида армрестлинг бўйича катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақаларида вазирлик академияси 4-босқич курсанти Ҳурматилло Мадазимов 75 килограмм вазн тоифасида битта олтин ва битта бронза медални қўлга киритиб, кубок соҳиби бўлди.
— Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, аҳолининг турли қатламлари, хусусан, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тобора кучаймоқда, — дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ўқитувчиси, катта лейтенант Рустам Чориев. — Ушбу ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинишида мураббийлардан ташкилотчилик ва жонбозлик талаб этилади. Албатта, биз ҳам ёшларимизга намуна бўлишга ҳаракат қиляпмиз.
Фарҳоджон ХОЖАЕВ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ўқитувчиси, капитан.