Шу йилнинг 6 ноябрь куни Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида тиббиёт тизимида мавжуд муаммоларнинг келиб чиқишида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда хизмат кўрсатишнинг тўғри йўлга қўйилмагани сабаб қилиб кўрсатилди. Бунинг натижасида аҳоли тўғридан-тўғри уларга эмас, марказий поликлиника ёки клиникаларга мурожаат қилмоқда. Тор доирадаги шифокорларнинг асосий вақти маслаҳат бериш билан ўтаётгани тиббиёт тизимидаги хиёнат деб баҳоланди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисми тиббиёт тизими ва ундаги камчиликлар билан боғлиқ. Аксарият ҳудудларда ихтисослиги мутлақо тўғри келмайдиган, хотин-қизлар, эркаклар ва ҳатто болаларга ҳам маслаҳатлар бераётган шифокорлар фаолият юритаётгани сир эмас. Айни шу ҳолат аҳоли норозилигига, тиббий хизмат кўрсатиш сифати тушишига сабаб бўлмоқда. Марказий поликлиникаларда ҳалигача турнақатор навбатлар мавжуд, Электрон навбат жорий этилмас экан, бу муаммо сақланиб қолаверади.
Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда республика бўйича бир йилда 23 минг бемор гипертониядан, 7 минги инфарктдан, 5 минги қандли диабетдан, 3,6 минг нафари эса инсультдан вафот этган. Бу эса бирламчи тиббий хизматда касалликнинг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш чоралари кўрилмаётгани натижасидир.
Афсуски, бугун кўп ҳудудларда қуйи бўғин борлиги эмлаш ёки тиббий маълумотнома керак бўлган пайтдагина билиняпти. Бириктирилган ҳудуддаги аҳолининг умумий ҳолати, касаллик турлари ва сони бўйича аниқ маълумот бера олишмайди.
Давлатга тегишли бўлган айрим тиббий пунктларда бепул хизмат белгиланганига қарамай, пуллик хизмат кўрсатилгани ҳақида маълумотлар бор. Бу эса аҳоли норозилигини келтириб чиқарадиган, муаммолар авж олишига сабаб бўладиган, касалликлар кўпайишига имкон берадиган ҳолатдир. Демак, аҳолининг тиббий маданияти ҳақида гапиришдан олдин тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш зарур.
Назир СОБИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
yuz.uz