«Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам»

Пойтахтимизда «Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам» акцияси бўлиб ўтди

Маълумки, юртимизда аҳоли саломатлиги муҳофазаси бирламчи ўриндадир. Айниқса, сўнгги йилларда бу масалада асосий эътибор касалликлар билан курашишга эмас, аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини ошириш ҳамда тизимли профилактикага қаратилмоқда. Шу аснода, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тассаруфидаги Республика олимпия захиралари коллежи ташаббуси билан Чилонзор тумани ҳокимияти ҳамкорлигида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган «5 минг қадам» акцияси ўтказилди.

Президентимиз пойтахтимизнинг Яшнобод туманида истиқомат қилаётган аҳоли билан учрашув чоғида, соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, одамларни кўпроқ дорига эмас, балки тўғри овқатланишга, спортга ўргатиш лозимлигини таъкидлаган эдилар. Уларнинг ҳар ким ўз саломатлиги учун ҳеч бўлмаганда кунига 5 минг қадам пиёда юриши борасида билдирган тавсияларига ёшу-кексалар бирдек соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этаётган марафонларда жисмоний фаоллик кўрсатаётгани барчамизни қувонтирди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан камҳаракатлилик оқибатида келиб чиқаётган кўплаб касалликларнинг олдини олишда ҳам жисмоний фаоллик, жумладан, пиёда юриш турли хил касалликларга иммунитет ҳосил қилишда кони фойда эканлиги қайд этилган.

Эътиборли жиҳати, юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликлари эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Ташкил этилган «5 минг қадам» акцияси доирасидаги юриш марафони бу мақсадга хизмат қилди десак муболаға бўлмайди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати