«Янги нафас» шиори остидаги оммавий югуриш марафони

 
Жиззахда «Янги нафас» шиори остидаги оммавий югуриш марафони ўтказилди

 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ўтказилаётган «Янги нафас» шиори остидаги оммавий югуриш марафони Жиззах шаҳрида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Кеча вилоят марказининг Шароф Рашидов номли шоҳ кўчаси бўйлаб ўтказилган мазкур соғломлаштириш марафонида турли ёшдаги спортсеварлар фаол иштирок этдилар. Жумладан, 2003-2004 йилда туғилган ўсмир ва қизлар алоҳида гуруҳ бўлиб, таълим соҳаси вакиллари, ҳарбийлар ва кексалар алоҳида, хуллас, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли вакиллари алоҳида-алоҳида гуруҳ бўлиб мусобақалашди.

Марафон Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Енгил атлетика федерацияси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилди.

Эътиборлиси, ушбу соғломлаштириш тадбирига мингдан зиёд кўнгиллилар иштирок этиш истагини билдиришди. Ана шу соғлом турмуш тарзи тарафдорлари орасида ўқитувчилар, енгил атлетика билан мунтазам шуғулланувчилар, кексаларнинг ҳам борлиги тадбир нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигининг тасдиғидир.

Старт чизиғидан маррагача бўлган уч километр масофани югуриб ўтганлар орасидан ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятида бошланган «Янги нафас» марафони Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ўз якунига етади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати