Бутун дунёда ҳар йили 10 декабрь инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонланади.

Инсон ҳуқуқлари таълимдан бошланади

Бутун дунёда ҳар йили 10 декабрь инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонланади.

1948 йил 10 декабрда БМТбош ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини тасдиқлади ва эълон қилди. Бу сана 1950 йилда барча давлатлар ва манфаатдор ташкилотларни ҳар йили 10 декабрни Инсон ҳуқуқлари куни сифатида белгилашга чақирувчи Бош сссамблеянинг 423 (V) резолюцияси қабул қилинганидан буён  нишонланмоқда. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, аввало, умуминсоний қадриятлар акс эттирилган муҳим ҳужжатлиги билан қадрлидир. Декларацияни ишлаб чиқишда турли хил фалсафий, мафкуравий ва диний қарашларнинг вакиллари иштирок этган. Декларациянинг ҳар бир моддаси қизғин муҳокама қилинган. Декларация лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳнинг 85 та йиғилиши ва 1400 марта овоз бериш бўлиб ўтди, ҳужжат матни бўйича ишлар икки йил ичида якунланди.

Ҳужжатнинг универсаллиги шундаки, у қабул қилинганидан буён дунёнинг энг кўп таржима қилинган ҳужжатига айланди, яъни, 500 дан ортиқ тилларга таржима қилинган. Ҳужжат кўплаб ёш мустақил давлатларнинг конституциялари учун қўлланма бўлиб хизмат қилди. У Гиннеснинг рекордлар китобига 500 дан ортиқ тил ва шеваларга таржима қилинган ҳужжат сифатида киритилган бўлиб, бу унинг универсал характерга эга эканлиги ва тарқалиш кўлами кенглигидан далолат беради.

Декларация ҳар бир инсоннинг тенг қадр-қимматини ўзида ифода этади. Декларация ва унинг тамойилларини ҳимоя қилиш бўйича иштирокчи давлатлар томонидан қабул қилинган мажбуриятлар миллионлаб одамларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилишга имкон ва адолатли дунё учун асос яратди. Декларация вақт синовидан ўтиб, ўзининг абадий қадриятлари - тенглик, адолат ва инсон қадр-қимматининг ўзгармас универсаллигидан далолат беради.

Декларация мажбурий ҳужжат ҳисобланмаса-да, инсон ҳуқуқлари бўйича 60 дан ортиқ халқаро шартномаларнинг қабул қилинишига ҳисса қўшди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, шунингдек унинг асосида қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг Факултатив протоколлари кўпинча Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Халқаро Билл деб аталади.

Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Халқаро Билл таркибига киритилган барча ҳужжатларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Бугунги кунда Декларация қоидалари дунёнинг барча давлатлари Конституцияларида, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Конституциясида ҳам ўз аксини топган.

 БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси  ҳар йили ушбу халқаро санани нишонлаш бўйича кенг кўламли кампания ўтказади. Бу йилги халқаро инсон ҳуқуқлари кунида жаҳон ҳамжамияти барчани бирлашишга ва ҳар бир инсон учун барча инсон ҳуқуқларини амалга оширишга асосланган янги ижтимоий шартномани талаб қилишга чақирди. Тинчликни тиклаш учун “аввалгидан яхшироқ” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари учун курашиш ғояси илгари сурилди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. 2017 йил май ойида Олий Комиссар жаноб Зайд Раад Ал-Ҳусайн Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу ташриф Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. 2018 йил 1 сентябрдан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари лавозимида Мишел Бачелет ишлаб келмоқда.

Бундан ташқари, ҳар 5 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинган кун - 10 декабрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади. Ушбу мукофот 1966 йилда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга улкан ҳисса қўшганларни ва унга лойиқ топилганларни тақдирлаш учун ташкил этилган ва биринчи марта 1968 йилда ушбу мукофот берилган. Мукофот совриндорлари орасида Жимми Картер, Мартин Лютер Кинг, Нелсон Мандела, Элеанор Рузвелт бор.

Бу борада таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистонда хам “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди. Кўкрак  нишони инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили халқаро инсон ҳуқуқлари кунида, яъни 10 декабрда топширилади.

Жорий йилда ушбу халқаро сана мамлакатимизда ҳам ўзига хос тарзда нишонланмоқда. Жумладан, Тошкент давлат юридик университетида инсон ҳуқуқлари ҳафталиги ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида университетда қатор тадбирлар, талабалар ўртасида олимпиада, иншолар танлови ташкил этилади.

Университетда халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси мавжуд.  “халқаро ҳуқуқда инсон ҳуқуқлари” ўқув курси ўтказилмоқда. Курс 3 тилда - ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Курс мазмуни инсон ҳуқуқлари тарихи, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва механизмлар, минтақавий инсон ҳуқуқлари тизимлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчилик ва уни амалга ошириш механизмлари, инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисобот ва мониторинг, ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларининг барқарор ривожланиш мақсадлари билан ўзаро алоқаси каби масалаларни ўз ичига олади. Яъни, дастур замонавий даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг энг долзарб масалаларини қамраб олади. Курс доирасида талабалар халқаро стандартлар, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро суд ва маъмурий суд органлари амалиётини ўрганади, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўрилаётган чораларни муҳокама қилади, миллий қонунчиликни таҳлил қилади.

Кафедрада инсон ҳуқуқлари тўгараги мавжуд бўлиб, унинг таркибида қўшимча дарслар ўтказилади. Яқинда клуб доирасида талабалар Ўзбекистоннинг БМТдаги ташаббуслари ва рақамли инсон ҳуқуқлари тўғрисида видеофилмлар тайёрлади. Октябр ойида ТДЮУда бўлиб ўтган БМТ ҳафталигида Ўзбекистоннинг ташаббуслари ҳақидаги видеороликлар намойиш этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан ташкил этилган рақамли иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқларига бағишланган танловга рақамли инсон ҳуқуқлари бўйича видеолар тақдим этилди.

Шунингдек,  талабаларимиз ҳар йил АҚШда ўтказиладиган Джессап номидаги халкаро танловда, Халқаро жиноят суди бўйича халкаро танловда (ICC Moot court) иштирок этади. Бу  йил хам тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Пандемия сабабли бу йил бу танловда онлайн режимда ўтказилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, кафедра аъзолари инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда, етакчи миллий ва хорижий журналларда, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп этилмоқда.

Хусусан, ҳозирги пайтда кафедрада бола ҳуқуқлари, одил судлов соҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳаларга бағишланган тадқиқотлар амалга ошириляпти.

Келгусида биз инсон ҳуқуқлари бўйича онлайн курслар, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва талабалар учун инсон ҳуқуқлари бўйича мусобақалар ташкил қилишни режалаштирмоқдамиз.

Шунингдек, рақамли технологиялар ва ижтимоий тармоқларнинг ахборот манбаи сифатидаги роли тобора ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, биз ижтимоий тармоқларда талабалар иштирокида каналлар очиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликни ривожлантиришнинг илғор тажрибалари ва тенденциялари тўғрисида маълумот беришни режалаштирмоқдамиз.

Халқаро ҳамкорликни кучайтиришга ҳам алохида эътибор қаратмокдамиз. Жумладан, яқинда Германия, Туркия профессорлари томонидан талабалар учун “Халқаро ташкилотлар ҳуқуқи”, “Ислом ҳуқуқи” фанларидан маҳорат дарслари ташкил этилди. БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда қатор тадбирлар ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан жамиятдаги ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ. Ҳуқуқий маданиятнинг энг муҳим қисми бу инсон ҳуқуқлари маданияти ҳисобланиб, унинг даражаси ўз навбатида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим сифатига боғлиқ. Шунинг учун биз инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини такомиллаштиришда давом этамиз.

Нозима ҒОФУРОВА, ТДЮУ кафедра мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

Феруза ҲАМДАМОВА, ТДЮУ ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)