Беш муҳим ташаббус амалда
Бугун Қашқадарё вилояти Қамаши туманида янги спорт объекти фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуа аҳоли, айниқса ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни спортга бўлган қизиқишларини янада оширишга хизмат қилади. Бу эса Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналишига ҳамоҳангдир.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 6 млрд 771 млн сўм маблағ эвазига янгидан қуриб битказилган ушбу спорт масканида 16та спорт тури, яъни бокс, футбол, дзюдо, енгил атлетика, бадиий гимнастика, стол тенниси, волейбол, қўл тўпи, таэквандо ВТФ, шахмат-шашка, кураш, белбоғли кураш, таэквандо ИТФ, қўл жанги, универсал жанг ва оғир атлетика турлари бўйича тўгараклар фаолият юритади. Уларда 36 нафар малакали тренер ёшларга спорт сирларини ўргатишади.
Мазкур спорт мактаби 18х42 м ўлчамли спорт зал, 960 ўринли трибунага эга бўлган 9 060 м ўлчамдаги футбол майдони, шунингдек, югуриш ва узунликка сакраш йўлаклари ҳамда баскетбол ва волейбол майдонларини ўз ичига қамраб олади. Бу ерда бир кунда 400 нафар ёшлар спорт билан шуғулланиши мумкин.
Қамаши туман болалар-ўсмирлар спорт мактабининг янги биносида маъмурият ва тренерлар ҳамда ёшлар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан жиҳозланди ва йил давомида ишлаш имконияти яратилган.
Янги мажмуанинг очилиш маросимида Қашқадарё вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Комилжон Холматов иштирок этди.