«Жасорат»нинг иродали ғалабаси
2014 йилдан буён регби-15 бўйича анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган Мудофаа вазири Кубоги учун очиқ чемпионатда бу йилги мавсум ғолиби аниқланди. Мусобақанинг гуруҳ босқичида Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлигининг жами ўнта жамоаси иштирок этиб, 5 тур натижасига кўра ярим финал йўлланмаси учун кураш олиб борди.
Ўтказилган учрашувларда рақибларига нисбатан кўпроқ очко тўплаган «Жасорат», «Лочин», Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази, Миллий гвардия терма жамоаси финал йўлланмаси учун ўзаро баҳслашиш имкониятини қўлга киритди. 4 декабрь куни Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўйингоҳида бўлиб ўтган учрашувларда Шарқий ҳарбий округнинг «Жасорат» жамоаси регбичилари Миллий гвардия терма жамоасини ишончли тарзда мағлубиятга учратди. Ярим финалнинг иккинчи ўйини Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази жамоасининг ғалабаси билан якунланди. Мазкур учрашувда Тошкент ҳарбий округининг «Лочин» жамоаси регбичилари рақибига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди.
5 декабрь куни ҳал қилувчи финал учрашуви Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази базасида бўлиб ўтди. Финал учрашувининг тантанали очилиш маросимида бу йилги очиқ чемпионатда қатнашган барча жамолар саф тортди. Тантанали очилиш маросимида иштирок этган мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва Ўзбекистон Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда спорт соҳасида эришилаётган ютуқлар, шу жумладан Мудофаа вазирлиги тизимида ўтказилаётган мусобақаларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шундан сўнг мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов финал учрашувини очиқ деб эълон қилди ва майдонга «Жасорат» ҳамда Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази жамоалари чиқиб келди.
Финал учрашуви кутилганидек жуда муросасиз, шиддатли курашларга бой бўлди. Жамоалар галма-галдан ҳисобда олдинга ўтиб, пешқадамликни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилди. Дастлаб Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази жамоаси жарима зарбаси орқали 3:0 натижаси билан олдинга чиқиб олди. Кўп ўтмай «Жасорат» регбичилари бунга муносиб жавоб қайтарди. Муваффақиятли уриниш ва жарима зарбасидан кейин «Жасорат» ҳисобни 7:3 кўринишига келтирди.
Бутун ўйин давомида ҳисобда бир у жамоа, бир иккинчи жамоа унчалик катта бўлмаган фарқ билан олдинда борди. Ўйин тугаши арафасида 20:16 ҳисобида олдинда бораётган Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази жамоаси гўёки чемпионлик тақдирини ҳал қилиб қўйганди. Аммо ҳакамнинг финал ҳуштаги янграшига бир дақиқа қолганда «Жасорат» ҳақиқий жасорат кўрсатди. Аввалига Фурқат Назаров беш очколик уринишни амалган оширган бўлса, Руслан Маткурбанов ана шу уриниш учун белгиланган қўшимча жарима зарба билан жамоасига икки очко келтирди.
Шундай қилиб, Шарқий ҳарбий округнинг «Жасорат» жамоаси регбичилари ўтган йилги чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилди. Рақиби устидан сўнгги дақиқаларда иродали ғалаба қозонган «Жасорат» кетма-кет иккинчи марта, 2014 йилдан буён эса бешинчи марта мазкур мусобақанинг ғолиблигини қўлга киритди. Бир кун аввал 3-ўрин учун бўлиб ўтган ўйинда «Лочин» жамоаси Миллий гвардия терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди.
Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар ҳамда ҳомийлар томонидан муносиб тақдирланди. Мудофаа вазири Кубоги учун очиқ чемпионат ғолибига Кубок, медаллар, диплом, 10 миллион сўм, телевизор ва эсдалик совғалари топширилди. Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази жамоаси регбичилари иккинчи ўрин соҳиби сифатида кумуш медаль, диплом, 5 миллион сўм, телевизор билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақада шахсий ва жамоавий йўналишларда ҳам турли номинация ғолиблари махсус Кубоклар билан тақдирланди. Ички ишлар вазирлиги жамоаси «Энг чиройли ўйин кўрсатган жамоа», Миллий гвардия вакили катта лейтенант Шоҳруз Зикиров «Энг яхши ҳужумчи», Марказий ҳарбий округ спортчиси, контракт бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Аҳрор Мирзаалиев «Техникаси юқори ўйинчи», Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ спортчиси, кичик сержант Фазлиддин Бахтиёров «Энг яхши ҳимоячи» сифатида очиқ чемпионат лауреатлари бўлди.
Ярим финал: «Жасорат» (Шарқий ҳарбий округ) – Миллий гвардия терма жамоаси – 32:9. Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази – «Лочин» (Тошкент ҳарбий округи) – 11:9.
3- ўрин учун: «Лочин» (Тошкент ҳарбий округи) – Миллий гвардия терма жамоаси – 29:0.
Финал: «Жасорат» (Шарқий ҳарбий округ) – Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази – 23:20.
Асрор РЎЗИБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
https://www.uza.uz/uz/posts/jasoratning-irodali-galabasi_192221