Наманганда халқаро бизнес марказ қурилиши 2021 йил баҳорида бошланади.

Наманганда Алишер Усмонов ҳомийлигида Халқаро бизнес маркази қурилади

Наманган шаҳридаги Амир Темур кўчасидаги собиқ «Кичкинтойлар боғи» ҳудудида “UMS Holding” компанияси асосчиси, келиб чиқиши наманганлик бўлган тадбиркор Алишер Усмонов ҳомийлигида барпо этиладиган халқаро бизнес марказ қурилиши 2021 йил баҳорида бошланади.

Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов вилоят марказида олиб борилаётган қурилиш ишларини ўрганишлар жараёнида айтиб ўтди.

6 гектарни жойни эгаллаган ушбу ҳудудда бунёд этилиши режалаштирилган мазкур мажмуа Наманганнинг брендига, ўзига хос Бизнес-туризм марказига айланади. Халқаро марказ конгресс-холл, бизнес мактаби, меҳмонхона, экопарк, спорт-соғломлаштириш иншоотларини ўз ичига олади. Шунингдек, сунъий кўллар, фавворалар, автотураргоҳлар бунёд қилинади.

Қайд этиш жоиз, орада маълум бир муддат ушбу марказ қурилиши тўхтаб қолган ва унинг келажаги борасида қатор саволлар туғилаётган эди.

Баҳор ойларида бошланадиган Халқаро бизнес марказида келгусида халқаро симпозиумлар, бизнес-форумлар ўтказилиши кўзда тутилган. Шу орқали Наманганга инвестициялар кириб келиши жадаллашади, бизнес-туризм учун кенг имкониятлар яратилади. Бир сўз билан айтганда, йирик мажмуа Наманган вилоятининг ўзига хос брендига айланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳамюртимиз Алишер Усмонов томонидан Наманган шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида 6 минг 400 квадрат метрдан иборат 4 қаватли замонавий кутубхона ҳам қуриб битказилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.

http://uza.uz/uz/posts/namanganda-alisher-usmonov-homiyligida-halqaro-biznes-markazi-quriladi-693119