Ўзбекистонда карантин қоидалари кучайтирилиши мумкинми? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди
Ўзбекистонда карантин қоидалари кучайтирилиши мумкинми? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди

Бугун АОКАда Коронавирусга қарши кураши штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокда брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан тушган саволларга жавоб қайтарилди.
Савол: Бизда карантин қоидалари кучайтирилиши мумкинми?
Жавоб: Карантин қоидалари юмшатилгани одамларни хотиржамликка эмас, аксинча, сергакликка чорлаши керак. Чунки энди уйда, ишда, кўчада, бозорда бошқа одамлар билан кўпроқ юзма-юз бўлишади. Коронавирус инфекцияси эса ўта контагиозлиги билан хавфли. У жуда тез тарқалади ва агрессив. Дунё бўйлаб кундан кунга касалланган ва вафот этганлар сони ортиб бормоқда.
Дунё тажрибасида кўринмоқдаки, ҳар қандай чекловдан кўра, одамлар орасидаги карантин маданияти коронавирусни олдини олишда самаралироқ бўлиб қолмоқда. Бундан кейин хар бир инсон пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганиши, унга мослашиши керак.
Агарда биз барча санитария гигиена қоидаларига риоя қилсак, яъни қўлни совун билан тез тез ювиш ва антисептик воситалар билан зарарлантирсак, тиббий ниқоблардан тўғри фойдалансак ва ижтимоий масофани сақласак карантин қоидаларини кучайтиришга ҳожат қолмайди.
Савол: Мен коронавирус касалларини даволайдиган касалхонада ҳамшира бўлиб ишлайман. Бошқа касалхонада ҳам навбатчи бўлиб тураман, шундай ишлашим мумкинми?
Жавоб: Агарда Сиз коронавирусга мослаштирилган махсус касалхонада ишласангиз, бошқа касалхонада навбатчи бўлиб турмаслигингиз керак. Чунки сиз, биринчидан у ерда касалликни юқтириш хавфингиз кўпроқ ёки навбатчи бўлиб турадиган шифохонангизда бошқа беморларга вирусни ташиб ўтиш эҳтимолингиз юқори.
Тартиб бўйича махсус касалхонада 8 соат ишлаш қабул қилинган. Жисмоний тарафдан хам Сиз иккинчи ишга улгура олмайсиз, улгурганда ҳам иккинчи ишга чарчаб борасиз. Бу эса касаллар билан ишлаётган даврингизда иш унумдорлиги ва самарадорлигини тушишига, диққатингизни бўшашишига олиб келиши мумкин ва иш жараёнида яхши натижаларни бермаслиги мумкин.
Савол: Бир ой олдин коронавирус касаллиги билан касалланиб шифохонада даволаниб чиқдим. Яна икки ҳафтадан кейин кўзим ёрийди. Коронавирусдан даволаниб чиққан махсус туғуруқхонага бораманми ёки бошқа туғуруқхонага борсам ҳам бўладими?
Жавоб: Коронавирус касаллиги тузаладиган касаллик. Бу инфекция билан зарарланиш бу бутун ҳаёти давомида вирус ташувчиси бўлиб қолади дегани эмас. COVID-19 юқтириб олган инсонларнинг кўпчилиги тузалиб кетади, вирус эса организмдан чиқиб кетади. Инсон симптомлар пайдо бўлгандан 10 кун давомида инфекция ташувчиси бўлади (агар белгилар бўлса), бу инфекция юққандан тахминан 2 ҳафтани ташкил этади.
Биринчи симптомлар пайдо бўлган кундан энг камида 10 кун ва тузалгандан кейин яна 3 кун ўтиши керак. Агарда махсус туғуруқ муассасасида даволаниб чиққан бўлсангиз, демак ҳозирги даврда соғломсиз. Шунинг учун махсус туғуруқхонага эмас ўз яшаш ҳудудингизга тегишли туғруқхонага борасиз.
Савол: Мен коронавирус касаллиги билан касалландим. Қариндошларим яқинда бошқа касалдан тузалиш учун кўп дори қабул қилганлигим сабабли, дори-дармонлар ўрнига табиий гиёҳлар ичиш яхши фойда беради деб айтдилар. Шу тўғрими? Аҳволим яхшиланмаяпти.
Жавоб: Нотўғри. Коронавирус касаллигини вируслар келтириб чиқаради. Шу боис беморни текширувдан ўтказиб, касалликни турини аниқламагунча, беморнинг умумий аҳволини билмагунча, аниқ даво чораларини кўрмагунча, касалликдан тузала олмаймиз, аксинча, касаллик ўрта оғир турида кечаётган бўлса, ривожланиб бориши мумкин.
Табиий гиёҳлар коронавирус инфекциясида асосий дори воситалар билан бир қаторда ишлатилиши мумкин, лекин бир ўзи монотерапия сифатида ёрдам бермайди. Махсус даво курсларини тўлиқ қабул қилиб бўлгач, кейинчалик профилактика мақсадида шифокор тавсияси асосида табиий гиёҳлар ичса бўлади. Биз Сизга коронавирус аломатларининг биринчи кунидан яшаш ҳудудингиздаги оилавий поликлиника шифокорларига мурожаат этишни тавсия қиламиз.
Савол: Онам 70 ёшда, қандли диабет билан даволаниб турадилар. Уларда яна бир оз семизлик хам бор. Бундай ташхисли беморларда коронавирус инфекцияси қандай кечади?
Жавоб: Қандли диабети бўлган инсонлар турли хил инфекцияларга мойил бўлади. Сабаби шакар микроблар учун озуқа моддаси ҳисобланади. Агар қандли диабети бор бемор қонида глюкоза кўп бўлса, коронавирус ушбу беморларда оғир кечади. Сабаби касалликда кузатиладиган «цитокинлар ҳужуми» учун шакар қувват манбаидир. Айниқса, тана вазни ортиқча бўлган қандли диабети бор инсонларда коронавирус оғир кечади.
Бу беморлар ўзларида коронавирус касаллигига хос бирон клиник белгиларни сезсалар, дарҳол ҳудудий шифокорларга мурожаат этишлари шарт. Улар уй шароитида ўз-ўзини даволаш билан шуғулланиши ман этилади. Чунки уларда тезда пневмония ривожланиши ва унинг оғир кечиши кузатилиши мумкин. Бу беморлар коронавирусдан даволаниш билан бирга, диабетни ҳам даволашда давом этишлари лозим. Сабаби коронавирус жараёнида қанд миқдори ошиб кетса, бу оғир асоратларга олиб келади.
Қандли диабети бўлган беморлар ҳудудий поликлиникаларида диспансер назоратда бўлишлари, ўзларида ўзгаришлар сезсалар дарҳол шифокорга мурожаат этишлари, оммавий жойларга зарурат бўлмаса бормасликлари, имкони бўлса уйдан масофавий ишлашлари, ўз-ўзини даволаш билан шуғулланмасликлари ва шифокор тавсия этган даво муолажаларини вақтида мунтазам олиб туришлари зарур.
http://xs.uz/uzkr/post/bizda-karantin-qoidalari-kuchajtirilishi-mumkinmi-dolzarb-savollarga-aniq-zhavoblar