Талаба қиз Сирдарёдан Хоразмгача пиёда борди(ми?)
Талаба қиз Сирдарёдан Хоразмгача пиёда борди(ми?)

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети учинчи босқич талабаси Ситора Йўлчиева ўтган ёзнинг бир неча ойи ва куз бошида мунтазам равишда Гулистоннинг тўртинчи мавзесидан марказигача яёв бориб-келди. Агар бу юриш жами ҳисобланса, деярли Сирдарёдан Хоразмгача бўлган масофага тенг бўлади. Айни кунларда эса пойтахтдаги турар-жойидан университетга ана шу зайлда қатнамоқда. Телефонидаги махсус дастур ўлчовига кўра кунига 13 минг қадам йўл босаётир. Бу тахминан 10 километр дегани. Албатта, ҳар ким унинг пиёда юришини талаба бўлганлиги важидан деб ўйлаши мумкиндир. Аммо сабаб унда эмас. Билишимизча, Ситора ҳам ўқиб, ҳам университетда ишламоқда. Қолаверса, ота-онаси ҳам уни моддий жиҳатдан етарли даражада таъминлаб турибди.
— Пиёда юриш орқали бир неча натижага эришилар экан, — дейди Ситора Йўлчиева. — Яъни бир вақтнинг ўзида ҳам манзилга етасиз, ҳам жисмоний тарбия машқини бажарасиз. Кун бўйи хушкайфият ва тетиклик ҳамроҳингиз бўлади. Бир куни Гулистонда кетаётсам йўлакка ёндош автойўлдан машина сигнали эшитилди. Қарасам — тоғам. «Кел, ўтир, ташлаб қўяман» дедилар. Наилож, машинага миндим. Аммо кунлик тартибим бузилмаслигини ўйлаб, бир бекат масофадан сўнг «Етиб келдим, тоға, мени шу жойда қолдиринг» дедим. Ва тушдим-да вақтим борлигини билиб, машинага ўтирган ҳалиги манзилга яна қайтиб, ўша ердан яёв юришни давом эттирдим...
Ситора таътил даврида вақтдан фойдаланишда яна бир қўш натижага эришди.Бири шаҳардаги ўқув марказида ўқиб, «Уй ҳамшираси» сертификатини олгани бўлса, иккинчиси тажрибали журналистлар ҳузурида амалиёт ўтаганидир.
Талаба қиз «Ҳадемай яёв босган масофамни Ер шарини айланиб ўтиш даражасига етказаман ва пиёда юришни кундалик қатъий тартиб сифатида умрим бўйи сақлаб қоламан» дейди.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
(«Халқ сўзи»).
http://xs.uz/uzkr/post/talaba-qiz-sirdaryodan-khorazmgacha-piyoda-bordimi